Бинодаги беш юздан ортиқ хонанинг деярли ҳаммасини ижарачилар эгаллаб олган. Хотин-қизлар қўмитаси, қайсидир партиялар, қандайдир нашриётлар, тадбиркорлар ва яна кимлардир. Ички ҳовлида машиналар тиқилиб кетган. Ҳеч ким менга аҳамият бермайди ҳам, одамларнинг униси у ёққа, буниси бу ёққа ўтиб юрибди. Иккинчи қаватнинг чап қанотидаги кафтдек жой – мана шу ЎзМАА.
Мени жамоага таништириш учун Бош вазир ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров келди. Таништирдию жўнаб кетди. Мажлислар залига типографияларнинг ёши ўтиб қолган директорлари, бошқарма бошлиқлари йиғилган. Ҳар бири бу тизимда салкам ярим аср – Совет Иттифоқи давридан бери ишлаб келади. Ўша лаҳзада менга бўлган муносабатни аниқ ҳис қилдим: гўё хонага ёш бола адашиб кириб қолгану бувиси меҳр билан: «Боламни уришманглар, у вазир бўлади»,– деяётгандек. Хонадагилар менга парво қилмай, ўзаро гаплашиб ўтиришибди. Эшикдан кириб келган ёшгина кўзойнакли йигитчага эътибор қаратгандан кўра, ёнидаги обрўли ҳамкасбининг суҳбати муҳимроқ улар учун.
Маош тарқатиш вақти келиб қолган, ЎзМАА ҳисоб рақамида эса 18 миллион сўм пул бор эди. Бош бухгалтерни чақиртирдим. Нима қиламиз? Пул қани? Қандай ишлардинглар ўзи?
– Хавотир олманг, Комил Исмоилович, типографиялар бизга оборотидан 2% ўтказса, маошни ёпамиз.
Бу ҳақда тўлиқроқ маълумот беришни сўраб, ўзим учун қизиқ нарсаларни билиб олдим. Тўғри, тизимдаги ҳамма ташкилотлар ЎзМААга бўйсунади. Яъни, мантиқан олганда, улар бош идорага гап-сўзсиз маб-лағ ўтказиши шарт. Аммо ҳеч қачон бундай бўлмаган. Бош ҳисобчи ҳар ой ходимларга маош тўлаш вақти келганда: «Илтимос, бизга маблағ ўтказиб беринг», – деб ялинишга тушади. Ва ҳар гал: «Имкон туғилса, берамиз. Бўлганда оласизлар», – деган кибрли жавобни эшитади.
– Комил Исмоилович, уларни кўндираман, шу пайтгача амаллаб келганмиз, – деди ҳисобчи мени «юпатиб».
Демак, бешта нашриёт: «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», «Ғафур Ғулом», «Чўлпон» ва «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» олдин ўзини тарозига солади. Охири раҳбариятнинг илтимосини бажарган бўлиб, пул ўтказади, худди эҳсон қилгандек.
– Унақаси кетмайди, – дедим.
– Ия, Комил Исмоилович, соҳанинг китлари-ку улар! Қўйинг, аралашманг, ўзим ҳал қиламан.
Бош ҳисобчи йиллар давомида қуйи ташкилотлардан тиланиб пул ундиришни оддий ҳол деб келган. У ўзича мени бу ёқимсиз жараёндан асрамоқчи бўлди.