Мен ЎзМААга бўйсунадиган барча ташкилотлар раҳбарларини катта умумий мажлисга чақиртирдим. Навоий номидаги Миллий кутубхона директори ўша заҳоти иши кўплиги, келишга вақти йўқлигини айтди. «Қарши бўлмасангиз, кейин ўзингизга алоҳида учрарман, майлими, Комилжон?»
Мен белгиланган вақтда келдим. Вазир курсисига ўтирдим. Одамлар хонага кириб-чиқиб, у ёқдан-бу ёққа юришибди. Мени бир тийинга олишмаяпти, худди бу ерда умуман йўқдекман. Индамай, сабр қилиб турдим. Охири чидолмадим:
– Марҳамат қилиб ўтириб олинглар. Бошлаймиз. Бир-биримизни озгина ҳурмат қилайлик.
Ҳамма жойлашиб олди. Менга ёв қараш қилиб ўтиришибди, суҳбатнинг белига тепдим-да! Энг гигант нашриёт – «Ўзбекистон»нинг директорини турғиздим.
– Қани, гапириб беринг-чи, ишлар қандай кетяпти?
– Агар мен гап бошласам, бу ерда эрталабгача ўтирамиз, – жавоб берди у менсимайгина.
– Керак бўлса, ўтирамиз, – дедим мен. – Бошланг.
Бу ҳақда ҳозир гапириш осон, лекин тартиб ўрнатишнинг ўзи бўлмади. Ишни ЎзМАА директори номидан бинода ўтирган барча ижарачиларга хат ёзишдан бошладим: «Тез кунда эгаллаб турган хонангизни бўшатишингизни сўрайман».
Ижара тўловининг шарти оддий экан: Агентлик ҳисоб рақамига арзимаган маблағ ўтказилади, қолган пул нақд берилади. Хомчўт қилиб кўрдим. Ойига эллик минг доллардан кўпроқ пул келиб турган. Шун-ча пул қаёққа кетган, билмайман. Бош офисга пул тушадими, йўқми, ҳеч кимни қизиқтирмаган. Бино эса харобага айланиб бўлган.
Менга бу пулнинг кераги йўқ эди. Қўл остимдагилар сал ҳайрон бўлишди. Тўғри, бизнес билан шуғулланишимни, ўзимга яраша даромадим борлигини ҳамма билади, лекин пул ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди-ку.
Табиийки, «Ижарачиларга тегманг», деган илтимослар ёғила бошлади. Ҳеч ким иссиқ ўрнини йўқотгиси келмасди. Юқоридан, вазирлик ва идоралардан қўнғироқ қилдириб, янги директорга босим ўтказишга ҳаракат қилишди. Фақат Хотин-қизлар қўмитасининг ўша пайтдаги раиси Танзила Камоловна2 улар учун ажратилган янги бинонинг қурилиши ҳали охирига етмагани, озгина вақт берилса, бир йўла кўчиб чиқиб кетишларини тушунтирди. Уларнинг сўзини икки қилолмадим. Қолганларга қаттиқ турдим. Бино – бизники, ходимларимга шароит яратиб беришим керак. Ички ҳовли ёпилди, уюм-уюм ахлат чиқариб ташланди, хоналар, холл, йўлаклар таъмирланди. Буларнинг ҳаммаси кимнинг ҳисобидан бўлганини гапиришга ҳожат йўқдир-а?! Бино таъмири оилавий бизнесимга қимматга тушди, олдинда эса ҳали яна иш кўп эди.