Алламжонов айбдор - страница 7

Шрифт
Интервал


– Миллиардлаб пул айланадиган, 650 кишилик жамоага бош-қош раҳбар бунақа арзимаган ойликка ишлаши учун ё аҳмоқ бўлиши керак, ёки ўғри. Сиз қайси бирисиз? – сўрадим киноя билан. – Шахсан мен қўл остимда иккала тоифа ҳам ишлашини хоҳламайман.

Раҳбарлар исталган пайтда лавозимидан айрилиши мумкинлигини тушунишди. Топшириқни бажармаса, ишдан оламан. Қаттиқ ва аёвсиз босим ўтказишга тўғри келди.

Маълум вақтдан кейин директор қабулимга келиб, «ўз хоҳишига кўра» лавозимидан озод этишимни сўради. Йўқ! Аниқ бир сабаб бўлса, бўшатаман, ўз ихтиёри билан кетиш йўқ!

Типографиялардан биридаги цехда ишчилар ертўлада ишлашар экан. Бино тахминан эллик йилдан бери таъмирланмаган. Ҳамма ёқда намгарчилик, зах босиб ётибди, хоналар нимқоронғи. Бинони эпақага келтириш учун бир ҳафта муддат бердим. Роппа-роса бир ҳафта! Директор эртасидан ишга чиқмай қўйди. Ҳамма ишни ташлаб, йўқолиб қўя қолди.

Нашриётларнинг раҳбарлари қалтис вазиятда эди. Мени на пора бериб, на кимларгадир қўнғироқ қилдириб ўзларига оғдира олишди. Бундай юқори лавозим эгасига унча-мунча одам ҳадди сиғиб илтимос билан чиқа олмади. Шунинг учун йиллар давомида нашриётлар маблағини ўзлаштириб келганлар секингина жуфтакни ростлашди.

Йўлимизга тўғаноқ бўлаётганларнинг илдизини қуритиш керак эди. Акс ҳолда, улар ишлашга халақит беришлари, устимдан юмалоқ хатлар ёзиб, оёғимдан чалишга ҳаракат қилишлари аниқ. Лавозимида қолганларга ҳар қандай қоидабузарлик ва саботаж учун албатта жавобгарликка тортишимни тушунтириб қўйдим. Ёши ёки кўрсатган хизматларига қарамай, ҳеч кимни аяб ўтирмаймиз, айбдор жазосини олади.

Молиявий текширув ЎзМААга қарашли «Ўзбекистон» нашриёти зарарга ишлаётганини кўрсатди. Ваҳоланки, давлат буюртмаларидан ҳисоб рақамига миллиардлаб сўм тушиб турарди. Вазиятни ўрганиб, ташкилот балансида соҳага алоқаси бўлмаган қандайдир активлар, бинолар борлиги ва улардан фойдаланиш учун жуда катта маблағ сарфланишини аниқладик.

Энг кўпхарж бино «Ўзбекистон» нашриёти қошидаги ётоқхона экан. Ходимлар у ерда ўн йиллаб, авлод-авлоди билан яшайди. Бино нашриёт балансида. Лекин улар доим ижара ҳақи тўлаб келган.

Юристларга масалани ўрганиб, қонуний ечимини топиш бўйича топшириқ бердим. Ҳар бир оила ижара хонадонини ўз номига расмийлаштирсин, ётоқхонада эмас, шахсий уйида яшасин, дедим. Ечим топилди. Шунча йил ижарада турган элликта оила бошпанали бўлди.