Алламжонов айбдор - страница 8

Шрифт
Интервал


Ҳар бир хонадонга бирма-бир кириб, бир пиёла чой устида мезбонларни гапга солдим. «Уйни ўз номингизга расмийлаштиришда муаммо туғилмадими? Ҳеч ким ҳеч нарса тама қилмадими? Уйли бўлиш учун кимнингдир чўнтагига пул солиш керак, деган гаплар бўлмадими?» Ҳаммадан бир хил жавоб эшитдим: Йўқ, унақаси бўлмади.

Бу бизнинг ғалабамиз эди! Уй тақсимоти учун жавобгарлар, агар ортиқча гап чиқса, албатта қулоғимга етиб келишини билиб, бир тийин ҳам ундиришга ҳаракат қилишмаган. Бинони таъмирлаб беришни бўйнимизга олгандик, ваъдамизнинг устидан чиқдик. Ишчилар ҳовлида катта дастурхон ёзиб, худойи қилишди. Мениям таклиф этишди. Сўзга чиқиб, бу уйлар юртимиз Президенти ҳамда Агентлик томонидан тақдим этилаётгани, ҳужжатлар қонуний расмийлаштирилгани ва мендан кейин ҳам ишчилардан уйни ҳеч ким тортиб ололмаслигини айтдим. Кимдир хурсандчилигини ичига сиғдиролмай йиғлаган, кимдир кулган, ҳамманинг кўзи чақнаб турибди, хуллас, эсдан чиқмайдиган кун бўлди.

Президент сиёсатининг асоси ҳам одамлар турму-шини яхшилашдир. Мен команданинг бир аъзоси сифатида шу ишга озгина бўлса ҳам ҳиссам қўшил-ганидан мамнун эдим.

Шунча йил омонат уйда ҳаёт кечириш, омонат уйда фарзанд кўриб, тўй-томошалар қилиш, исталган пайтда кўчада қолиши мумкинлигини ўйлаб, қўрқиб яшаш… Ҳозир ўз уйларида тинч-хотиржам яшаётган ўша одамлар дуоларида мени ҳам эслаб қўйишади, деган умиддаман.

Яна балансимизда республикадаги ягона матбаа-


ноширлик касб-ҳунар коллежи ҳам бўлиб, ёпилиш арафасида турган экан.

Қабулимга директори келди.

– Бинони бўшатиб беришимиз керак, – деди.

– Хўп, яхши. Матбаачиларни қаерда тайёрлаймиз унда?

– Коллежнинг ўзи бўлмайди! – хўмрайиб жавоб берди директор.

– Мамлакатда 1 600та матбаа корхонаси ишлаб турибди-ю, матбаачи тайёрлайдиган бирорта ўқув даргоҳи бўлмайдими?! Бунақаси кетмайди!

Коллежни сақлаб қолдик. Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги Қарорига ўзгартириш киритилишига эришдик. Коллежнинг ёпилишига йўл қўйиб бўлмасди. Чунки китоб, дарслик, ўқув қўлланмалари, кўргазмали ташвиқот воситалари ўрнини ҳеч нима боса олмайди – интернет ҳам, бошқасиям.

Энди олдимизда турган энг муҳим масала СЎЗ ЭРКИНЛИГИ эди. Биз Вазирлар Маҳкамасига бўйсунамиз. ВМ эса вазирлик ва идоралар дегани. Танқид асосан шуларга қаратилган бўлса, қандай қилиб сўз эркинлигига эришиш мумкин? Демак, Агентлик вазирликлар билан тенг мақомда бўла олмайди.