Инсон бугун ва эртага… - страница 12

Шрифт
Интервал


Онаси маъюсланди ва чуқур хўрсиниб қўйди. «Қизиққонлик қилмай, яхшилаб қулоқ тут, болам, – деди бошини сарак-сарак тебратиб, – хоҳлаймизми-йўқми, ер юзида иккита қарама-қарши куч мавжуд. Ҳамонки биз оламни зулмат қўйнида кўриб, ҳар қанча ёвузликлар қилмайлик, эзгулик деган қарши кучлар ҳам бир чеккада жимгина қараб турмайди. Эса, ёруғлик ва эзгулик йўлимизга ҳамиша ғов-тўсиқлар қўяверади. Беовульф – қудратли рақибимиз, мангу эзгулик тарафдори. Ростини айтсам, у наинки сен билан мени, балки ер юзидаги барча зулматдош қавмларимизни-да маҳв этмоққа, тилка-пора қилмоққа қодир! Ҳазир бўлайлик, ҳазир бўлайлик!..»



Воқеан, қўшни шведлар юртининг жанубий ерларида геотлар қабиласи яшарди. Қирол Хротгар саройидаги машъум воқелик бундаги аҳолини қаттиқ қайғуга солди. Бутун мамлакат бўйлаб «Гренделга ўлим!», «Одамхўр махлуққа ўлим!» деган ҳайқириқлар янграрди. Ваҳоланки, ёвуз одамхўрнинг боши янчилмас экан, геотлар қабиласига ҳам ором-осудалик йўқ! Ҳайҳот, одамзод бошига қирғин келтираётган ўшал ваҳшатли кучга мардона қамти борадиган паҳлавон борми ўзи оламда! Акс ҳолда, геотлар қабиласи ҳам Гренделга битта қолмай ем бўлиб, ер юзида қабоҳат ва зулмат абадиян тантана қилурми, эйвоҳ!..

Геот қироллигида истиқомат қилаётган, баҳодирлиги билан тилларда достон бўлган жасур Беовульф мусибатдан хабардор бўлиб, интиқом ўтида ёнди; жисмида илкис илоҳий куч-қувват, ғайрат-шижоат ҳис этди. Адолат Тангрисидан мадад тилаб, довюрак сафдошлари билан шошилинч равишда кемага тушди. Денгиз орқали қўшни ўлка томон жадал сузиб кетди…

Интиҳо, икки ўртада даҳшатли олишув бўлди. Ўзини енгилмас деб ҳисоблаган Грендель баҳайбат Беовульфнинг бартараф этиб бўлмас зилдек зарбаларига бардош бера олмади. Қовурғалари синиб, суяк ва пайлари залворли муштлар зарбидан қарс-қурс мажақланиб кетди. Фалокатни қарангки, қарши зарбага чоғланганди ҳамки, Беовульф эпчил ҳаракат билан юқорига даст кўтариб, андоғ ерга қапиштириб урдиким, оғриқнинг зўридан махлуқ ўкириб-ўкириб юборди. Паҳлавон Беовульф шу заҳоти ҳолдан тойган одамхўрнинг кўкрагига оёқ босиб, ғолибона наъра тортди-да, исқирт Гренделнинг ўнг қўлини елкасидан шарт суғуриб, узиб ташлади! Одамхўр махлуқ чунон ўкирди, чунон ўкирдики, атроф-теварак ларзага келди. Силласи қуриган мажруҳ Грендель жон ҳовучлаб судрала-судрала, базўр ботқоқликка етиб олди. Дабдаласи чиққан майиб-мажруҳ боласининг аянч аҳволига разм солиб, тасқара она Люцифера дафъатан увлаб юборди, фиғони фалакка чиқди. Вужудидаги ваҳший ҳиссиётлар жунбушга келиб, эртасига қоронғу тунда Хротгар одамларига қирғин келтириб, чалажон боласи учун шу равиш ўч олган бўлди. Йўлида дуч келган одам боласини аямади. Ўткир сўйлоқ тишларини инсон баданига ғарчча-ғарчча ботириб ташлайверди. Шу йўсин Беовульфдан интиқом олган бўлиб, мамнун кайфиятда изига қайтди. Қирол саройида эса, қий-чув, қиёмат қўпди. Галдаги мудҳиш воқеадан қалби лазага келган жасур Беовульф шу ҳақиқатни тугал англаб етдики, қаттол ёвузлик доясининг мурдор боши гар янчилмас экан, дунёда адолат қарор топиши душвор!