Инсон бугун ва эртага… - страница 14

Шрифт
Интервал


– Ҳо-ҳо-ҳо! Куйдираман, ёндираман, қовжиратаман! Эзгуликни маҳв этаман! Ер юзида ёвузлик абадиян тантана қилур! Мени ҳалок этадиган куч йўқ дунёда!..

Ҳайҳот, шу асно бурқсаб ётган ер юзасининг қай бир бурчидан нимадир лаънати буюм визиллаб учиб келиб, нақ томоғига ғарчча санчилди! Ҳис этсаки, учи ўткир ингичка темир жисм экан лаънати! Жисмида кучли оғриқ сезган аждарҳо андоғ иҳраб юборди, кўз олди қоронғулашиб, парвозда мувозанатини буткул йўқотди ва шувиллаб ерга қулай бошлади. Аксига олиб, ўткир тиканакли сассиқ алафлар усига гурсиллаб тушди. Суяк-қовурғалари синиб, мажақ-мажақ бўлди. Боз устига, куйиндидан ҳосил бўлган чидаб бўлмас ачқимтир ҳид димоғини жаз-жаз куйдирди. Атроф қуюқ туман ичида қолгандек, кўзига ҳеч нима кўринмас эди.

– Ҳо-ҳо-ҳо! Яшасин эзгулик, битсин ёвузлик!..

Ажабо, атроф-оламни ларзага солган бу ҳайқириқ қайдан келди, қайси жонзот овози бўлди?!

Дабдурустдан талвасага тушган аждарҳо ўзини ўнглаб улгурмай, елкасига учи ўткир йўғон темир шундай зарб билан санчилдики, жон аччиғида ўкраб-ўкраб юборди. Ҳаял ўтмай, ер юзасини қоплаган ачқимтир дуд тарқалди, дафъатан ҳамма ёқ ёришиб кетди ва рўпарасида ғолиб одамзод пайдо бўлди. Бир қўлида қалқон, бир қўлида ялтироқ қилич! Бошида дубулға, эгнида совут! Ўткир нигоҳларида, юз-кўзларида бешафқат қасос туйғулари ўт пуркар эди! Маммон аждарҳонинг вужуди илкис қўрқинч туйғулардан бир қалқиб тушди – Беовульф!..

Ҳайҳотки, оловпуркар аждарҳо алам-изтироб ҳиссиётлари билан шу ҳақиқатни ёдга олди: Грендель ва она одамхўр баданини тарк этган ёвуз руҳлар ўз жисимга аста-аста таносух қилиб чирмашар экан, ғойибдан қандайдир вишиллаган овозлар келди: «Қисматингда Беовульф бор, огоҳ бўл, огоҳ бўл, огоҳ! У – ёвузлик кушандаси, шафқат билмас эзгулик паҳлавонидир! Жисми жаҳонида шундай бир илоҳий куч мавжудки, таърифлаш маҳол…»

Интиҳо, қарама-қарши кучлар ўртасидаги галдаги жанг ҳам ниҳоятда оғир, муросасиз кечди. Ҳар икки томон енгаман, янчаман дерди, илло мағлуб бўлишни асло истамас эди. Ҳар нечук, баҳодир Беовульф ёвуз оловпуркар мавжудотнинг ҳамлаларига чап берди, чаққон-чаққон қилич солиб, жон томирларини шартта-шартта кесиб ташлади. Оқибат, Маммон аждарҳо қора қонига ботди.



Афсуски, жон аччиғида ҳамла қилган оловпуркар аждарҳо чапдаст Беовульфнинг танасига охирги дамда заҳарли тишини ботириб олишни уддалаб қолди. Оғир ярадор бўлган Беовульфнинг жонига кучли малҳамлар ҳам мундоқ кор қилмади. Лекин эркпарвар паҳлавон оламдан мағрур кўз юмди, чунки у ёвузлик ва қабоҳат илдизларига болта урди, ҳалокатли зарбалар берди. Озод инсонлар ўз халоскорлари жасадини ўтда куйдириб, ғоят эҳтиром билан дафн этдилар.