Шундай. Эзгулик улкан қурбон бериб бўлса-да, ёвузлик билан азалий курашда яна бир бор ғалаба қозонди…
***
Олам яралибдики, эзгу руҳлар ва ёвуз руҳлар инсон қалби учун абадий курашиб келади. Инчунин, бу азалий муросасиз кураш башариятнинг даҳо адиблари заковат қудратидан йўғрилган «Одиссея», «Илоҳий комедия», «Хамса», «Фауст», «Каин», «Ҳамлет», «Жиноят ва жазо», «Қиёмат», «Уста ва Маргарита», «Улуғбек хазинаси» каби умрбоқий асарларда ўз аксини топаверади.
Орадан неча замонлар ўтиб, мушоҳада денгизига шўнғидим.
«Беовульф ҳақида достон”нинг чинакам жозибаси, ҳаётбахш кучи нимада эди? Достон қайси жиҳатлари билан онг-шууримни ўзига бу қадар жазб этганди?
Аввало, Беовульф тимсолида чуқур инсонпарварлик, ватанпарварлик, эрксеварлик ғоялари юксак тараннум этилган. Жасур Беовульф мусибатли кунларда ҳимояга муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзиш учун ўз жонини фидо этишдан қайтмайдиган олижаноб қаҳрамон, толмас эзгулик курашчисидир.
Яна, ушбу «Беовульф ҳақида достон» англо-сакс қаҳрамонлик эпоси ҳамда муаллифнинг орзухоҳ хаёлоти қоришмасидан иборат янгича талқин эканлигини нуктадон ўқувчи англаб етган бўлса, не ажаб. Кўнгилдаги асл мурод, айтар сўзим шул эдики, ёруғлик ва зулмат, эзгулик ва қабоҳат деб аталмиш икки қарама-қарши кучларнинг азалий кураш талотўпида мен эзгулик томондаман ва эзгулик қўшиғини мангу куйлаб ўтаман…
Оқилжон Ғофуров; 2019 йил, июнь.
ГОГОЛНИНГ ФИЛЕМОН ВА БАВКИДАСИ
Севимли китоб, севимли асар ҳақида ҳамиша эҳтирос билан сўзлагимиз келади. Зеро, севимли асар инсон қалбига беқиёс маънавий озуқа бериб, тасаввур оламини бойитади, тафаккур уфқларини кенгайтиради. Инсон руҳияти, ботиний оламида соҳир ҳиссиётлар, латиф кечинмалар мавжга келади.
Мен буюк рус ёзувчиси Николай Васильевич Гоголнинг дилимда чуқур, завқли таассуротлар уйғотган «Диканька қишлоғи оқшомлари» ҳамда «Миргород» тўпламидан жой олган ҳикоя ва қиссаларини ҳар сафар айрича мароқ билан мутолаа қиламан. Айниқса, «Май кечаси ёки сув қизи», «Даҳшатли интиқом», «Қадимги замон помешчиклари», «Тарас Бульба», «Иван Иванович билан Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти», «Вий» каби қиссалар сеҳр-жозибаси бутун фикру зикримни оҳанрабодай ўзига тортади; Гоголь оламининг кўз илғамас кенгликларида руҳиятимни ажиб ҳиссиётлар чулғаб олади.