Инсон бугун ва эртага… - страница 7

Шрифт
Интервал



Мавзуга қайтсак, Шохонов таассуф билан таъкидлайди: ҳар хил заҳарли газлар, чанг-тўзонлар, радиация ер атмосферасини кескин суръатда ифлосланишига сабаб бўлмоқда; дунё бўйлаб сон-саноқсиз саноат корхоналари ҳавога пуркаётган заҳарли чиқитлар ва қурумларнинг кўпайиб кетиши оқибатида ернинг ҳимоя қобиғи – озон қатлами емирилиб бормоқда. Бинобарин, ер қобиғини ультрабинафша нурлардан мудофаа қилувчи Озон қатламининг емирилиб бораётгани бугунга келиб, инсон тафаккури ва ақл-идроки қаршисида мисли тоғдек кўндаланг турган ечими мушкул масалалардан бирига айланиб қолди. Илм-фан тараққиёти ҳосиласи бўлган турли техник жиҳозларнинг узлуксиз ҳаракатда бўлиши, автотранспорт воситаларидан ажраб, ҳавога кўтарилаётган фреон моддалари озон қатламига секин-аста шикаст етказиб келмоқда. Озон қатламини асраб қолиш муаммоси вақт ўтган сайин инсоният олдида турган глобал муаммо эканлиги яққол англашилиб бормоқда. Ажабо дейман, Улуғ Нострадамус ҳатто беш аср муқаддам озон туйнуги ҳақида ҳам келажак авлодларни огоҳ этиб, шундай башорат қилган экан: «ХХ аср охирида ўлат ва бошқа касалликлар юриб одамларга ёпирилади.» Қўшимчасига, дарё ва денгиз сувлари қуриётир. Агар соҳа мутахассислари тадқиқотларига синчиклаб назар ташласак, тупроқ заҳарланиши ва эрозия ҳодисаси кескин кучаймоқда; дунё океанига йил сайин миллион-миллион тонналаб нефть чиқиндилари тўкиб ташланмоқда. Ҳайвонот ва наботот олами аёвсиз қирғинлардан ҳамон азият чекмоқда…

Бу ўринда яна Нострадамус башорати ёдга тушади: «Ҳаво ва ер заҳарланади, бир қанча денгизлар қуриб қолади, кўллар ботқоқликка айланади.» Ва инсон онг-шуури, идроки, тафаккури, сезги-сезимларини ҳамон соҳибкаромат Нострадамус башоратлари ларзага келтирмоқда: «… Табиат ҳам одамзоддан даҳшатли ўч олади.» Лекин интеллектуал салоҳияти ошган сари тобора техника-технология ютуқлари жилоларидан кўзи қамашиб, юксак тамаддун зомбисига айланиб бораётган одамзод Яратганнинг чексиз иноятидан шукроналик ҳисларини қалбидан сидириб ташламаяптимикин?! Яратган ўз қудрати, сир-асрорини тийнатида акс эттирган мўъжаз хилқат эканлигини, табиат билан бир бутунликда яшаш кераклигини унутиб қўймадимикин?

Чиндан ҳам, Нострадамус башоратлари асрлар оша нечоғли ҳақиқатга айланаётганини бутун инсоният сўнгсиз афсус-надомат туйғулари билан эътироф этмоқда ва истибдод домида баттар эзилмоқда!..