Инсон бугун ва эртага… - страница 6

Шрифт
Интервал


– вабо эпидемиялари;

– бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётган ваҳшатли ёнғинлар;

– ўша Бермуд учбурчаги қаърида радиоактив моддалар таъсирида пайдо бўлган, атроф-теваракка ажал уруғларини уфураётган даҳшатли мутант-қисқичбақалар тажовузи;

– йирик саноат ҳудудлари ҳавога чиқарадиган олтингугуртга бой аралашмалар олтингугурт кислотаси тариқасида ёғаётган «тузли ёмғирлар»;

– қушлар, ўсимликлар ва капалакларнинг кўпайишига таъсир кўрсатган Япониянинг ҳалокатга учраган «Фукусима – 1» АЭСидан тарқалган цезий-134, цезий-137 радиоактив моддалари;



– одамзод бошига улкан кулфат-мусибат ёғдираётган ногаҳоний тўфон-торнадо каби табиий офат-фалокатлар замирида аслида кароматгўй Нострадамус башоратлари ўз тасдиғини топмадимикин?!.

Шу ўринда яна турли йилларда АҚШ ҳудудлари ва Кариб денгизида кўпчилик инсонларнинг умрига зомин бўлган «Хьюго», «Эндрю», «Жорж», «Флойд», «Катрина», «Флора» каби даҳшатли тўфонлар, «Исабель» ва «Иван» қуюнларини эслаб ўтмоқ жоиз.

Кўз олдимда яна беихтиёр Нострадамус башоратлари гавдаланади: «Миясиз тентаклар истилоси туфайли инсонлар қалбидаги Аллоҳга ибодат қилиш ҳисси кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бемаъни туйғулар билан алмашинади… Инсон истибдод домида яна баттар эзилади…»

Дарҳақиқат, Нострадамус урғу бергандек, ўзи ихтиро этаётган темир ўйинчоқлар, тилсимли ойна, темир қушлар, заминни чулғаб олган темир ўргимчак инлари бўйлаб шитоб елувчи усти ёпиқ арава-амфибиялар каби кашфиётлардан мутаассир бўлган инсоннинг асл маънавияти қашшоқлашиб, очкўзлик, худбинлик, ҳирсу ҳавас иллатлари, худосизлик, табиатга зўравонларча ёндашувлар пировардида тирикликни адойи тамом қилмаяптими?!

Ҳайҳот, бундай таназзулдан Ўзи асрасин! Одамзодга инсоф берсин, иймон-эътиқодини мустаҳкам қилсин! Келажак авлодлар олдида юзимиз шамгин бўлмасин!..


Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган умумбашарий муаммолардан бири – экология муаммосидир. Жаҳон иқтисодиётининг аксилэкологик ривожланиш тамойиллари табиий муҳитга ҳалокатли таъсир этиб, биосферадаги табиий мутаносибликнинг бузилишига, инсон ва табиатнинг диалектик бирлиги издан чиқишига олиб келиши мумкинлигини зинҳор унутмаслик керак. Бу нарсани ХХI аср бўсағасига келиб, дунё фабрикасига қиёс қилинаётган Хитой иқтисодиёти мисолида равшан мулоҳаза қилиш мумкин.

Хитой иқтисодиёти ҳозирги кунда дунёда иккинчи ўринда туради. Бироқ мамлакат иқтисодиётининг юқори суръатлар билан равнақ топиб, гуркираб ўсаётгани атроф-муҳит масаласида турли муаммоларни юзага чиқараётгани ҳам айни ҳақиқат. Ҳолбуки, бу равиш юқори суръатлардаги саноатлашув, жадал миқёсдаги урбанизация (шаҳарлаштириш) кўринишлари, бунёдга келган йирик шаҳарлар – мегаполисларда аҳолининг зич жойлашуви, қурилиш бунёдкорликларининг салбий жиҳатлари ҳукумат раҳбарларини жиддий ташвишга солиб қўймоқда. Зеро, дунёдаги ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатида Хитойнинг еттита шаҳри қайд этилган! Боз устига, экологиянинг кескин ёмонлашуви сабабли ушбу мамлакатда ҳар йили 500 мингдан 750 минггача инсон бевақт ажал шаробини тотмоқда. Тўғри, илдизи тобора чуқурлашиб бораётган долзарб экология масалаларини ҳал этиш мақсадида Хитой ҳукумати керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқда, лекин муаммо миқёсининг улканлиги барча саъй-ҳаракатларни боши берк кўчага киритиб қўймоқда. Ечим? Бу ўринда фақат биргина тушунча мавжуд: вақт – олий ҳакам дейдилар, барчасини вақт кўрсатади…