Медиаконвергенция шароитида газеталар таҳририятининг иқтисодий-молиявий аҳволи: муаммо ва ечимлар - страница 2

Шрифт
Интервал


Мамлакатимизда – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, туман ва шаҳарларда 673 номда газета, 341 номда журнал чоп этилмоқда. Шунингдек, 15 номда ахборотнома-бюллетень нашр этилаётир. Шулардан 482 номдагиси давлатга қарашли, 547 таси эса нодавлат ОАВ ҳисобланади. Уларнинг тиражи ҳақида гапирганда, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси сайтидаги маълумотга кўра, саноқлисигина ўн мингдан кўпроқ ададда чоп этиляпти. Ҳудудлардаги аксарият газеталар адади эса мингтага ҳам бормайди. Бу уларнинг фақат зарарга ишлаётганини кўрсатади.

Айни кунда Ўзбекистонда 107 та босма ОАВ сотувга қўйилган. Бу уларнинг иқтисодий муаммоларга учраётгани, фойда келтирмаётгани, ўз харажатларини ўзлари қоплай олмаётгани, босмахоналарнинг қарздорларига айланаётгани сабаблидир.

Бу масала биргина мамлакатимиз учун эмас, бутун дунёда долзарблигини қайд этиш жоиз. Масалан, айни кунда Австралияда 100 дан ортиқ газетани чоп этиш тўхтатилди4. Сабаби, босма нашрларнинг рекламадан келадиган даромади кескин пасайиб кетган. News Corp. медиакорпорациясининг Австралиядаги бўлинмаси раҳбари Майкл Миллернинг сўзларига кўра, 36 та газета бутунлай ёпилади, қолганлари эса 29 июндан рақамли шаклга ўтади. Шу пайтда корпорациянинг рақамли нашрлари аудиторияси 60 фоиз ўсган. The Daily Telegraph ва The Herald Sun каби газеталарни нашр этувчи News Corp. аввалроқ Буюк Британия ва Австралиядаги кўрсаткичлар пасайиб кетганлиги сабабли даромад 7,8 фоизга тушиб кетганини маълум қилганди.

Таъкидлаш керакки, инсоният тарихида босма нашрларнинг ўрни беқиёс бўлган. Босма оммавий ахборот воситалари одамларнинг мулоқотга эҳтиёжини қондириш воситаси сифатида пайдо бўлган. Узоқ йиллар босма даврий нашрлар, энг аввало, газета кишиларнинг шахслараро ва умумий мулоқотининг самарали воситаси ҳисобланиб келган. Газета минбарга, маслаҳатчига, маълумотномага ва асосийси, ўз ҳаётий масалаларини ҳал қилиш учун зарур бўлган ахборот манбаига айланади.

Мулоқот, ахборот айирбошлаш ва уни олиш воситаси сифатида ҳаммага очиқлиги газетанинг демократиклигини, унинг хизматларидан жамиятнинг ҳар бир аъзоси фойдалана олиши имкониятини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «…соҳа ривожида ана шундай миқдор ўзгаришлари билан бирга сифат ўзгаришлари ҳам юз бермоқда… Кейинги пайтда оммавий ахборот воситалари ходимларининг демократик жараёнлар, фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва нуфузини, маҳаллий газеталар, теле-радиоканалларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, энг асосийси, матбуотда фикрлар, қарашлар хилма-хиллигини таъминлаш бўйича жиддий ишлар амалга оширилгани сизларга яхши маълум, албатта