Медиаконвергенция шароитида газеталар таҳририятининг иқтисодий-молиявий аҳволи: муаммо ва ечимлар - страница 3

Шрифт
Интервал


»5, деган сўзлари фуқаролик жамиятини барпо этиш, фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш жараёнида босма ОАВнинг улуши бошқа ахборот етказувчиларникидан асло кам эмаслигини кўрсатади.

Оммавий ахборот воситаларининг жамиятнинг барча қисм ва унсурлари ўртасида алоқа ўрнатувчи ижтимоий воситачи сифатидаги роли беқиёс. У исталган ижтимоий гуруҳ, исталган ижтимоий тузилма учун жамиятнинг бошқа аъзоларига мурожаат қилиш, улар билан алоқа ўрнатиш имкониятини очади. Бунинг учун шундай гуруҳнинг қарашлари, позицияси, дастурини ёритувчи газета ташкил қилишнинг ўзи етарлидир. Шу муносабат билан жамиятни бошқариш дастаги сифатида босма оммавий ахборот воситасининг роли алоҳида аҳамият касб этади.

Босма оммавий ахборот воситалари ижтимоий институт сифатида ҳокимият ва фуқаролар ўртасида боғловчи бўғин сифатида хизмат қилади. Бир томондан босма нашр давлат ҳокимияти органлари учун фуқароларга қонунлар, фармонлар, қарорлар кўринишидаги бошқарув ахборотини етказиш учун жамиятни бошқаришнинг самарали воситасига айланади. Иккинчи томондан эса фуқаролар босма оммавий ахборот воситаларидан ҳокимиятга – турли даражадаги давлат органларига ўз сўровлари ва талабларини, таклифлари ва уларнинг ишлари ҳақидаги фикрларини юбориш, давлатнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун фойдаланади. Чунончи, босма оммавий ахборот воситаларининг омма учун очиқлиги давлат тузилмаларининг барча ҳаракатлари ҳақидаги ахборотнинг эркинлигини таъминлайди. Шу муносабат билан «тўртинчи ҳокимият» сифатида намоён бўлувчи журналистика, оммавий ахборот воситалари концепцияси пайдо бўлди. У қонунчилик, ижро ва суд ҳокимиятлари каби ҳокимият функцияларига эга. Бироқ бу концепция ҳақиқий ҳолатни акс эттирмайди. Босма оммавий ахборот воситалари ҳам, бошқа ОАВлар каби, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилинишини таъминлай олмайди. Улар фақат бундай қарорларни оммага етказишга, эълон қилишга, фуқароларнинг таклифлари ва тавсияларини давлат органларига етказишга ҳамда уларни амалий ишларни бажариш учун ундашга ёрдам беришга лаёқатлидир.

Босма ва бошқа оммавий ахборот воситалари ҳокимият эмас, аммо жамоатчилик фикрини ифодаловчи ва реал ҳокимиятга таъсир қилувчи, ҳатто баъзан унинг имкониятларини чекловчи жуда катта кучдир. Журналистика ва босма оммавий ахборот воситаларини жамият ва давлат фойдаланадиган дастак сифатида тушуниш ҳақиқатга яқинроқ.