Юқоридагиларни инобатга олиб, пахта тозалаш корхоналари технологик жараёнлари ва ускуналари хавфсизлиги, электр қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш масалалари кучайтириб ёритилган, пахта тозалаш корхоналарининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш муаммоси илк бор илмий асосланган нуқтаи назардан келтирилган «Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш» ўқув қўлланмасининг яратилиши ва чоп этилиши, бизнинг фикримизча, ўз вақтида бўлган ва замонавий талабларга жавоб беради.
Ўқув қўлланманинг биринчи – пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни муҳофаза қилиш асослари бўлимида: меҳнатни мухофаза қилишнинг ҳуқуқий ва ташкилий масалалари; ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омилларидан ҳимоялаш ва сақлаш воситалари; ишлаб чиқариш жараёнлари, ускуналари ва иш жойларини ташкиллаштиришга умумий хавфсизлик талаблари; меҳнат гигиенаси ва санитар-соғломлаштириш талаблари; меҳнат хавфсизлиги ва меҳнат шароитларини баҳолаш; пахта тозалаш корхоналарида: электр хавфсизлигини; электр хўжалиги ишларини хавфсиз бажарилиши; экология; иқтисодёт; ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва меҳнатни мухофаза қилишнинг бошқа кўпчиллик масалалари ёритилган.
Қўлланманинг иккинчи – меҳнатни мухофаза қилиш бўйича макет, қоидалар, низом ва йўриқномалар бўлимида пахта тозалаш корхоналарини замонавий бозор иқтисодиёти шароитларига мос фаолият юритиши, ишловчиларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиб беришга ва меҳнаткашларни ижтимоий мухофаза қилишга йўналтирилган жамоа шартномасининг макети, ишчи ва хизматчилар учун ички меҳнат тартибининг намунавий қоидалари, корхоналарда уч босқичли мамурий-жамоа назоратини ўтказишни ташкиллаштириш низоми ҳамда пахта тозалаш корхоналарида бажариладиган хавфли ва зарарли ишларни хавфсиз бажаришга мўлжалланган, корхоналар муайян ишлари ва касблари учун меҳнатни мухофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқномалар намуналари келтирилган.
Қўлланма корхоналар рахбарлари, мутахассислари, турли касб ишчилари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртлари талабалари учун мўжалланган бўлиб, муаллифнинг пахта тозалаш саноати соҳасидаги илмий ишлари ҳамда меҳнат фаолияти тажрибаси асосида яратилди. Ишловчилар учун жамоа шартномасининг намунавий макети бозор иқтисодиёти шароитлари инобатга олиниб, меҳнат мухофазаси маҳаллий йўриқномалари намуналари эса амалдаги йўриқномалар ишлаб чиқиш бўйича низом талаблари асосида тайёрланди.