Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш - страница 4

Шрифт
Интервал


Муаллиф 1994- йилда уни Тошкент вилояти «Пахтасаноат» бирлашмасига ишга қабул қилиб саноатга ишлашга тайёрлашни ташкиллаштирган бирлашма раиси Р. А. Бўриевни, 1995-йилда Э. Зикриёев раҳбарлик қилаётган «Ўздавпахтасаноатсотиш» уюшмасининг меҳнатни мухофаза қилиш бўлимига бош мутахассис лавозимига ишга олиб устозлик қилган Қ. О. Ярқуловни миннатдорчилик билан эслаб ўтишни ўз бурчи, ўғиллари Музаффар ва Равшанларнинг китобни яратилишидаги беминнат хизматларини таъкидлаш жоиз деб ҳисоблайди.

Ушбу ўқув қўлланма тўғрисидаги танқидий мулоҳазалар, мутахассислар фикрлари муаллиф томонидан миннатдорчилик билан қабул қилинади ва қўлланмани янада жонли ҳамда таъсирчанлигини ошириб уни такомиллаштиришда фойдаланилади.

I. ПАХТА ТОЗАЛАШ КОРХОНАЛАРИДА МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШ АСОСЛАРИ

I.1. Меҳнатни мухофаза қилишнинг умумий масалалари

Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича асосий тушунчалар ва таърифлар.

Меҳнатни мухофаза қилиш – бу тегишли қонун ва меъёрий ҳужжатларга биноан амал қилувчи, инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика ва реабилитация қилиш тадбирлари ва воситалари тизимидир.

Техника хавфсизлиги – ташкилий, техник тадбирлар ва воситалар тизими бўлиб, жароҳатланишга олиб келувчи ишлаб чиқариш омилларининг ишловчиларга таъсирини бартараф қилишга йўналтирилган.

Ишлаб чиқариш санитарияси – ташкилий тадбирлар ва техник воситалар тизими бўлиб, ишловчиларга зарарли ишлаб чиқариш омиллари таъсирини камайтириш ёки уларни олдини олишга йўналтирилган.

Меҳнат гигиенаси – профилактик медицина сифатида тавсифланади, меҳнат шароитларини ва меҳнат характерини ўрганувчи, уларни соғлиққа ва инсонни функционал ҳолатига таъсирини ва ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнларини зарарли ва хавфли омилларини ишловчиларга таъсирини олдини олишга йўналтирилган илмий асослар ва амалий чораларни ишлаб чиқади.

Электр хавфсизлиги – электр токи, электр ёйи, электр магнит майдони ва статик электрнинг хавфли ва зарарли таъсиридан ишловчининг ҳимояланиш ҳолатини билдиради.

Ёнғин хавфсизлиги – шахсни, мол-мулкни, жамиятни, давлатни ёнғинлардан ҳимояланиш ҳолати. Ёнғин хавфсизлиги Меҳнат вазирлиги ваколатига кирмайди. Бу ФВВ (фавқулодда вазиятлар вазирлиги) соҳасидир. ФВВ бу соҳадаги ишларни меъёрлаштиради, назорат қилади ва текширади.