кўрсатади.
Монография учта бобдан иборат.
I боб “Умумий ўрта таълим мактабларида технология фани дарсларини
ташкил этилиши ва унинг таҳлили” деб номланган бўлиб, бу бобда умумий ўрта таълим мактабларида ўтиладиган технология ўқув фани дарсларининг маз-муни ва аҳамияти ёритилган ҳамда технология ўқув фани бўйича давлат таълим стандарти ҳамда ўқув дастурларининг асосий йўналишлари мазмуни таҳлил қилинган.
II боб “Технология дарслари жараёнида ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг назарий асослари” деб номланган бўлиб, бу бобда технология дарслари жараёнида ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг умумий масалалари, мазкур соҳада олиб борилган айрим илмий тадқиқотлар тавсифи ҳамда ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ташкил этишнинг педагогик ва психофизиологик хусусиятлари очиб берилган.
“Технология дарсларида ўқувчилар ижодкорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришда уйғунлашган технологиялардан фойдаланиш” деб номланган III бобда эса технология атамаси, унинг турлари ва қўлланилиши ҳақидаги маълумотлар ёритилган, уйғунлашган технология тушунчаси ва ундан технология фани дарсларида фойдаланиш йўллари кўрсатилган, ўқувчиларнинг ижодий фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришда уйғунлашган технологиялардан фойдаланиш бўйича услубий тавсиялар ва кўрсатмалар берилган.
Ҳар бир боб хулосалар билан якунланган. Умумий хулоса ва тавсияларда мазкур тадқиқотнинг аҳамияти, ундан келиб чиқадиган вазифалар ва келгусида ҳал этилиши зарур бўлган масалалар ҳақидаги фикрлар ёритилган.
Иш сўнггида фойдаланилган адабиётлар рўйхати келтирилган.
Иловаларда ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича қўшимча маълумотлар берилган.
Монографияда илгари сурилган ғоя ва баён этилган тушунчаларни изоҳлаш ҳамда илова тариқасида муаллифнинг “Взаимосвязь технического и художественного творчества учащихся как средство повышения эффектив-ности трудового обучения в V-VII классах” мавзусидаги (М., 1992), муаллифнинг илмий раҳбарлигида тадқиқотчи Б.Олимов томонидан бажарилган “Меҳнат таълими дарсларида ўқитишнинг ноанънавий усуллари” мавзусидаги номзодлик диссертацияларида (Т., 2008) келтирилган айрим мисоллардан ва бошқа манбалардан фойдаланилган.
Монографияда технология фани дарсларида ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича келтирилган шакл ва методлар шахсан муаллифнинг ва унинг шогирдларининг педагогик фаолиятларида синовдан ўтган ҳамда яхши натижалар берганлигини алоҳида таъкидлаб ўтамиз. Умуман олганда монографияда баён этилган фикрлар, тавсиялар ва келтирилган мисоллар ўқитувчиларга технология фани дарсларида ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришда назарий ва амалий томондан яқиндан ёрдам бера олади, деган умиддамиз.