Гуллаб-яшнаб бораётган она шаҳримда амалга оширилган ишлар, фидойи инсонлар, хуллас Урганчнинг бугуни ва эртаси ҳақида ҳикоя қилишни ният қилдим
Ҳар қандай шаҳар ёки қишлоқнинг қад ростлаши, гўзал ва кўркам манзара касб этиши энг аввало меъморлар меҳнатига боғлиқ. Меъморлар том маънода гўзаллик яратувчи бунёдкорлар ҳисобланади. Ҳар бир даврнинг ўз меъмори бунёдкорлари бўлган. Замонлар ўтиши билан моддий техник ва бадиий эстетик имкониятлар кенгайгани сайин меъморчилик услублари ҳам такомиллашиб, юқори поғоналарга кўтарила борган. Урганчда ҳам улуғ меъморлар самарали меҳнат қилганлар.
Урганчнинг бугунги жамолида, фойдаланишга топширилган кўплаб иншоотлар, саноат корхоналари, турар жой бинолари, мактаблар болалар муассасалари ҳамда шифохоналар қурилишида фидокорлик кўрсатиб ишлаётган кўп сонли қурувчилар ҳиссаси катта, албатта.
Аммо бунда лойиҳачилар ва архитекторларнинг хизматлари ҳам диққатга сазовор. Хоразм вилояти меъморлари бўлиб ишлаган Чумаев Ф. А., Виталий Прокофьевич Скорочкин, Ринат Мақсудович Аҳмедов. (У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган архитектор» унвонига сазовор бўлган. 24 йил вилоят бош архитектори вазифасида ишлаган.) ва ҳозирги кунда бу лавозимда фаолият кўрсатаётган Шавкат Хусаиновлар ҳам воҳа марказини миллий услублар асосида кўркам, ихчам ҳолда шаклланишига ҳисса қўшганлар.
Урганч шаҳрида 1964 – 1973 йилларда бош архитектор бўлиб ишлаган Суюн Йўлдашев ҳам изланувчан ва фидоий меъморлардан бири эди. У ишлаган даврда шаҳар бош режаси асосида якка тартибда хўжаликларнинг уй-жой қурилиши учун имкониятлар яратиб берилди. Тошкент лойиҳалаш институти билан биргаликда Урганч марказининг бирлашган маъмурий бинолари ҳисобланган кенгашлар уйи бунёд этилди. Инженерлик коммуникациялари қурила бошланди.
1973 йилдан 1988 йилгача Урганч шаҳар бош меъмори вазифасида ишлаш масъулияти ушбу сатрлар муаллифи зиммасида эди. Ўн беш йил бу лавозимда фаолият кўрсатган даврларни эсласам, воҳа маркази кўркига кўрк бўлиб турган кўплаб муҳташам иншоотларни қад ростлашига қўшган ҳиссамни қалбдан ҳис қилиб, ҳам юртларим хизматига камарбаста бўлганлигим билан фахрланаман. Лойиҳалар тайёрлаш, қурилиш ишларини изчил йўлга қўйиш, сифатини кўздан кечириш учун вақт билан ҳисоблашмай ишлашга тўғри келган. Бунинг устига қурилишларни сифатли лойиҳа смета ҳужжатларини маҳаллий шароитнинг ўзида тайёрлаш учун биронта лойиҳалаш ташкилоти тузилмаган. Дуч келинадиган катта-кичик масалаларни ҳал этиш учун кўп вақт ва маблағ сарфлаб пойтахтга бориб келишга тўғри келар эди.