Ҳумо қўнган шаҳар. Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади - страница 7

Шрифт
Интервал


Энг муҳим муаммо сув танқислиги эди. Қирғизёпга учта насос ўрнатилиб дарахтлар, экинларни гуркираб ўсишига имкон яратилди. Кўмилиб қолган ариқлардан ҳам сувлар шарқираб оқа бошлади. Кўчатларга, йўлакларга файз кирди. Янги гулзорлар, хиёбонлар ташкил этилди. Катта кичик фавворалар ўрнатилди. Аль-Хоразмий кўчасининг икки ёнидаги йўлаклар таниб бўлмас даражада кўркам қиёфа касб этди. Нақшинкор, ихчам, бежирим плиталар йўлакларга тўшалиб, шаҳарликлар ва меҳмонлар пойи қадамида аввалгиларга ўхшамас ажойиб йўлак пайдо бўлди. Ҳаммасидан ҳам қувончлиси меҳмонлар бутунлай янгидан таъмирланган аэропортда кутиб олинди. Юбилей муносабати билан Ўрта Осиёда узунлиги жиҳатдан ягона «Урганч – Хива» троллейбус тармоғи ишга тушди.

Келажаги порлоқ шаҳар

Шаҳарнинг 350 йиллиги муносабати билан бунёдкорлик ишлари, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш давом эттирилди ва қувонарли ишлар амалга оширилди. Бу борада янада серқирра тадбирлар белгиланди. Чунки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра яна икки улуғ сана Урганчда нишонланади. Миллий қаҳрамонимиз, буюк ватанпарвар Жалолиддин Мангубердининг 800 ва улуғ шоир ва аллома Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги шодиёналари воҳа маркази Урганчда байрам қилинади. Демак, бунёдкорлик, яратувчанлик, тенгсиз гўзалликлар кашф этиш яна жадал давом этади. Бу жабҳаларда меъморлар ўз зиммаларидаги масъулиятни сезганлари ҳолда олдинги сафларда борадилар. Муҳташам бинолар, сайлгоҳлар гулзорлар, хийбонлар яратишда ўзларининг бутун ижодкорлик қобилиятларини ишга соладилар.

Урганч яхши кунлар қўша юбилейлар шарофати билан янада улуғворлик, гўзаллик касб этиши шак шубҳасиздир. Бу шаҳри азимда Хоразм воҳаси, бинобарин аҳли ўзбек халқи мардлиги, ватанпарварлиги, яратувчанлигининг тимсоли она Тўмарис ҳайкали ҳам қад ростлайди. Аль-Хоразмий, Аль-Берунийдек буюк боболаримиз шарафига боғлар барпо этилади, уй – музейлари қад ростлайди. Рамзий мақбаралари бунёд этилиб, муқаддас зиёратгоҳга айлантирилади. Усти ёпиқ бозор элдошларимиз, меҳмонлар хизматида бўлади.

Шовот ва Қирғизёп каналлари қайта таъмирланиб, атрофида сўлим оромгоҳлар ташкил қилинади. Амир Темур номли маданият ва истироҳат боғида ҳам қатор қурилишлар, таъмирлаш ишлари амалга ошади. Кўчаларга, хиёбонларга рангли неон чироқлари, катта чиройли реклама кўргазмалар ўрнатилади. Урганч қўша юбилейгача ўзгача тароват, гўзаллик кашф этади.