Урганч марказида қад ростлаган бу ҳайкалга ҳамшаҳарларимиз ҳам, воҳа марказига ташриф буюрадиган меҳмонлар ҳам ўзгача меҳр, эътибор диққат билан назар ташлайдилар. Собиқ шўролар даврида бу ерда эл-у юртимизга алоқаси бўлмаган бошқа бир миллатига мансуб кишининг ҳайкали узоқ йиллар анча жойни эгаллаб турди. Унинг қилган ишларини ҳеч ким тилга олмади. Хоразм умуман Ўзбекистон ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган бу зотнинг ҳайкали, ниҳоят, истиқлолнинг илк йилиёқ кўздан йироқлашди. Ва энг муҳим, унитилмас, қувончли воқеалар шу бўлдики, бу ер кенгайтирилиб, атрофи гулзорга айлантирилиб, салобатли, улуғвор бир ҳайкал бунёд этилди. Бу ўзбек миллатининг жаҳонга танитишда, довруғини оширишда муайян тарихий хизматлар қилган улуғ инсон Абулғозий Баҳодирхоннинг ҳайкалидир.
Ҳайкал муаллифи Шавкат Усманов бу гал ҳам ўз истеъдоди, иқтидорининг янги қирраларини ёрқин намоён эта олган. Абулғозий Баҳодирхон отдан тушганича юртдошларга миннатдор боқиб, гўё ўз юртининг буюк келажагига пойдевор қўйишга ҳозирланаётгандай. Қўлида ўроғлиқ харита. Шубҳасиз бу ўзи асос солган янги Урганч харитаси. Ва унда акс этган истиқбол режаларини тезроқ амалга ошириш учун узоқ сафардан етиб келиб, юртида тўхтаб, отдан соғинч ва ишонч билан тушганича ҳалқига пешвоз чиқиш лаҳзаси бир умрга муҳрланиб қолгандай. Мен бу фикримни, машҳур хайкалтарош элдошим, фикрдошим, биз меъморларнинг энг яқин дўсти Шавкат Усмановга айтганимда у тўлқинланиб шундай деди;
Тўғри англабсиз. Мен Урганч асосчиси Абулғозий Баҳодирхон сиймосини яратиш устида узоқ изландим. Ўн еттидан ошиқ эскизлар тайёрладим. Улардан бирида Абулғозийнинг отнинг устида турган пайти ҳам тасвирланган эди. Лекин мен кўп ўйланиб бу фикримдан воз кечдим. Ўзбекистонда ва бошқа юртларда от устида турган инсонлар сиймоси гавдаланган ҳайкаллар бор. Шулардан нусха бўлиб қолмасин дедим. Сиз айтгандай, юрт эгаси, буюк хон отдан тушиб, элдошлари, ҳалқига пешвоз чиқиб, уларга яхши бир хуш хабар айтишга шошилаётган лаҳзасини яратишга жазм қилдим. Бу бадиий кенгаш аъзоларига ҳам раҳбарларимизга ҳам маъқул тушди. Агар оз бўлсада мен шундай улуғ элдошимиз сиймосини яратишга ҳисса қўшган бўлсам ўзимни беҳад бахтиёр ҳисоблайман.
Мен олим меъмор сифатида бу ҳайкал шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб ҳуснига холдай ярашиб турганлигини ҳис қиламан. Ҳар гал ҳайкал ёнидан бефарқ ўта олмайман. Унга синчков нигоҳ ташлайман. Улуғворлик, салобат, юртга меҳр, янги бунёдкорлик ишларига даъват, ҳамма-ҳаммаси ҳайкалда мужассам. Унга боқиб, машҳур элдошимиз ҳақида мушоҳадага бериламан: Абулғозий Баҳодирхон Хоразмнинг мард жасур фарзанди. Моҳир лашкарбоши, зукко олим, теран фикрли тарихчи. У асосий бойлик – ҳалқнинг сиҳат-саломатлиги деб билган. Шу боис шоҳ бўлсада табиблик билан ҳам ном таратган. Ҳалқ табобатига оид тўрт қисмдан иборат «Манофи ул инсон» рисоласини ёзиб қолдирган. Унда шифобахш гиёҳларни экиш, парвариш қилишдан тортиб, улардан турли дори-дармон тайёрлашгача батафсил зикр этилган. Бу асар ҳозирги замон тиббиётида ҳам энг нодир қўлланма ва йўлланмалардан бири сифатида ўқиб ўрганилмоқда, ундаги қимматли фикрлар ҳаётга тадбиқ этилаяпти.