Аҳли дил бўлма, замоннинг бойи бўл, баззози бўл!
Ақчадан лангар чўп ушлаб растанинг дорбози бўл!
Шеър эшитмайди биров, даврон қулоғи анча кар,
Бир ҳовуч олтин, кумушнинг хуш жаранг овози бўл!
Тегмагай ҳаргиз нишонга отган ўқ юз ҳажв ила,
Хоҳ замоннинг шоири бўл, хоҳи тийрандози бўл!
Истамас бўлса замоно Завқий ёзган шеърини,
Ким эшитсин арзининг хоҳ рози, хоҳ норози бўл!
Ҳар бир шоир вақти келиб ўз миллатининг ғурурига айланиб қолади. Хўқанди латиф шаҳрини ижодкорлар ва шоирларнинг зиёратгоҳи деб бежиз айтишмаган. Бу сеҳрли маконда бир аср давомида уч юзга яқин шоирлар етишиб чиққан, бу анъана ҳануз давом этмоқда. Шаҳримизнинг ана шундай мўътабар шоирларидан бири шубҳасиз Убайдулла Завқийдир.
МУАЛЛИФ.
ЗАВҚИЙ
Юртнинг, миллатнинг қувончи ва қайғуси билан шахсий қувонч-қайғумиз ўртасида қандай улкан фарқ борлигини ҳали унчалик англаганимиз ҳам, ўрганганимиз ҳам йўқ.
Кўп суронли йиллар эди. Жаҳолат эскирганини, яроқсиз бўлиб қолганини билмайди, тан ҳам олмайди, аксинча жон-жаҳди билан ўзини ҳимоя қилади. Яқин-яқинда дунёни ларзага солган Мовароуннаҳр учта хонликка бўлиниб олиб заифлашгандан заифлашиб борар эди. Эскириб қолган хонлик дастгоҳига миниб олган жоҳил хонлар миллат ҳақида қайғуришни унутиб бир-бирлари билан қирпичоқликдан бўшамас эдилар. Бу ҳам етмаганидек, шахсий халоватлари, ҳирсий хоҳишларини қондириш учун ишратбозлик, баччавозлик қилишар, зиёфатлар уюштиришар, шикорларга чиқишар, харамларига юзлаб канизакларни тўплаб, кеча-ю кундуз хотинвозлик қилишиб, мол-дунё тўплаш билан оввора эдилар. Фидоий кишиларнинг салмоғи, адолатнинг шуъласи оддий фуқаронинг уйини ёритиши билан ўлчанишини бу жоҳил ҳукмронлар билишмас, . Табиати гўзал, тупроғи унумдор, фойдали қазилмаларга бой бу ўлкага кўз олайтирганлар кўп эди. Айниқса Англия ва Россия жон-жаҳди билан бу юртни забт қилиш учун тинмай тайёрланари. Уч юз йилдан буён тинмай босқинчилик урушлари билан машғул бўлган Россия давлати инглизлардан жадалроқ ҳаракат қилиб 1853 йилдаёқ Ўрта Осиё ўлкаларини забт қилиш учун ҳарбий юришни бошлаб юбордилар. Ўша йилнинг ўзидаёқ Амир Умархон даврида қурилган Оқ мачит қаъласини забт қилдилар. Қилич ва қалқон, пилта милтиқ билан қуролланган, ҳарбий маҳорати йўқ Турон заминининг алп қомат, соддадил йигитлари, замонавий қурол билан қуролланган сон-саноқсиз русларга бардош беролмай тутдек тўкилишар, қон ариқ бўлиб оқарди, қанча-қанча гуноҳсиз йигитлар бекорга шаҳид бўлдилар. Бу фожеадан хабар топган, ўзларини «Искандари замон» деб аташадиган Қўқон хонлигининг юртбошилари кўргиликка ҳатто эътибор ҳам беришмади. Бухоро амирлиги қувонган бўлса, Хива хонлиги билмагандек муносабат билдирди холос. Қора вабодек ёпирилиб келаётган балонинг олдини олишга ҳеч ким бирорта чора изламади ҳам. Ҳар доим иймон-эътиқодини йўқотмайдиган, қудратли ва андишали халқ ҳеч нарсадан бехабар, ўз маромини йўқотмай меҳнат қилар, яшашда давом этарди, чунки яшашнинг ягона усули шу. Хонлар ва амирлардан мурувват кутиш бефойда, улар зулм қилиш ва хиёнатдан бошқа иш қилмайдилар. Тинимсиз ўзгаришдаги оламнинг бир қисми бўлган Ўрта Осиё хонликлари, эскириб қолганларига қарамай, янгиланишга киришмас эди. Яхшиям табиат ҳаммага бир хил дид, хоҳиш, нигоҳ бермаган, акс ҳолда барча бирдек лаззатланиб бир хил нафратланган ёки лаззатланиш ва ғазабланишни умуман билмаган бўлар эди.