Зиёли одамларга саводи кам одамлардан кўра кўпроқ эҳтиром кўрсатсам, ким ҳам мени нотўғри иш қиляпти дейиши мумкин? Зиёли бари бир зиёли – ҳурматини қилиш керак. Жуда кўп ҳолларда бошқалардан кўра кўпроқ эътиборга лойиқ эканини ана шу зиёлиларнинг ўзи тўғри деб ўйлайди.
Жуда қизиқ. Мен бир кун келиб, бу дунёни тарк этсам, кимнинг мен учун аҳамияти кўпроқ бўларкин? Саводи бор мулла жонсиз танам устида керакли тиловатни қилмаса – Яратган у дунёда мени қабул қилмаслиги эҳтимоли бор. Лекин саводсиз гўрков менга қабр қазимаса, жонсиз танам шу дунёда хор бўлиши тайин.
Ғоят совуқ мисол келтирдимми? Буни атайин қилдим. Сизнинг одамларни синфларга ажратиш ҳақидаги маҳкам ўрнашиб қолган ҳақиқатларингизни бир оз силжитиш учун шундай кескин мисол келтирдим. Бу ерда қайсидир одам қилаётган хатолар ҳақида эмас – сиз ва мен қилаётган хатолар ҳақида гап кетяпти.
Сиз ўзингизни қайси синфларга мансуб деб биласиз? Шиллиқурт эмас, инсон бўлиб дунёга келганингиздан қанчалик хурсандсиз? Бошқа одамлардан фарқли жиҳатларга эга синфга мансуб эканингиздан қанчалик фахрланасиз? Сиз ва мен бир миллий синфга мансубдирмиз – лекин маҳаллий синфимиз, ғоявий синфимиз, фалсафий синфимиз бошқа-бошқа эканини қанчалик осон қабул қиласиз?
Табиат (ва менинг фикримча Яратган ҳам) бу оламдаги мавжудотларни ҳеч бир синф ва турларга ажратмайди. Табиат ҳамма фарзандларини бир хил яхши кўради ва асраб-авайлайди. Уларга яшаш шароити яратиб беради ва ана шу муҳитда яшашни ҳам ўзи ўргатади.
Табиат ҳатто қаҳр қилганда ҳам ҳеч бир жонзотни бошқасидан устун қўймайди. Ўрмон ёнганда икки йиллик ниҳоллар ҳам, икки юз йиллик дарахтлар ҳам кулга айланади. Сув тошганда меҳнатсевар чумолилар ҳам, ялқов айиқлар ҳам тенг чўкади.
Табиий офатларда одамлар ҳалок бўлса – ичимиз ачийди. Табиатнинг шу офатда нобуд бўлган ҳамма фарзандлари учун ичи ачийди.
Тенглик ҳақида дин ҳам, қонунлар ҳам тинмай бизга уқтиради. Ҳаммамиз бошқалар билан суҳбатларда бу дунёда ҳамма тенг экани ҳақидаги юксак гапларни айтамиз. Лекин маънавият базми тугаб, кўчага чиққанимизда, садақа сўраган ночорга ачиниш ёки жирканиш ҳисси билан қараймиз.
Ҳўш, сиз қайси синфга мансубсиз? Кимлар билан синфдошсиз? Кимлардан бу дунёда тутган ўрнингиз юқорироқ? Кимникидан пастроқ?
Ўзимизни у ёки бу синфга мансуб ҳисоблаш – шахсиятимизни чеклаш дегани. Бой одамнинг шахсияти бадавлатлик қолипига солинган, ўқимишли одамники – зиёлилик қолипига. Бу каби чекловлар ҳар қандай интилувчан шахсни ҳам ўсишдан тўхтатиш қудратига эга.