Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон - страница 5

Шрифт
Интервал


«Ўғлим, ҳар ким билан дўст бўлиш яхши. Фақат у ёки бу ишни қилишдан аввал бу сенга чиндан керакми-йўқми – ўйлаб кўргин. – Нега? – Чунки одамлар қиладиган ҳамма иш ҳам фойдали бўлавермайди. – Фойдасиз ишни қилсам, кимга зарар? – Энг аввало ўзингга, кейин бошқаларга…»

Бу таъкидда, содда тил билан айтганда, «одам ажратиш» йўқ. Болада одамлар ва уларнинг хатти-ҳаракатларини яхши-ёмонга ажратиш илинжи пайдо бўлмайди. Ҳар кимнинг шахсиятини тенг ҳурмат қилиш ва ўз танловлари учун маъсулиятни сезиш шаклланади. Болани бузғинчи ишлардан «ёмон» одамлардан нари юриши эмас – ўз қарорлари учун жавобгарликни билиши тежаб қолади.

Яхши ва ёмон ҳақидаги ёлғон шу қадар қадимги ва улканки – унинг аслида ёлғон эканини кўпчилик унутган. Ақлимиз шу буюк ёлғон асосида кўплаб бошқа «ёлғончалар»ни ўйлаб топиб, ҳаётимизга киритган. Бу ёлғончалар баъзида бир-бирига зид фиркларни таъкидлайди: бири бу дунёда ҳар доим яхшилик ғалаба қозониб, ёмонлик жазога маҳкум эканини айтса – бошқаси «яхшига кун йўқ, ёмонга – ўлим» дейди.

Бу ички зиддиятларни биз одатда сезмаймиз – чунки ақл ҳар бир ёлғончани ўз жойида ишлатади: яхшилик устунлигини ўтказсиҳ керак бўлганда биринчи ёлғонча кор келади, адолатсизликка урғу бериш керак бўлганда иккинчи ёлғонча ишга тушади. Аммо сергак туриб, ҳамма ёлғончаларни бир сафга қўйса – уларнинг кўпчилиги бир-бирига зид экани ошкор бўлади.

Яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги буюк ёлғон қўл остидаги кичик ёлғончалардан куч олиб яшайди. Ёлъгончалар фош бўлса – уларнинг бобоси буюк ёлғон ҳам ошкор бўлади. Ҳар хил нарсага бўлган муносабатингизни астойдил ўрганиб чиқсангиз – бунақа ёлғончалар сиз умуман кутмаган жойларга яширинганини билиб оласиз.

Келинг, биз ана шу ёлғончаларни фош қилишга уриниб кўрамиз.

Ёмонликдан омонлик

Сизга, ҳар доимгидек, бир ажойиб саволим бор: Сиз яхши инсонмисиз?

Жавоб бериш қийин-а? Балки, осонгина жавоб бергандирсиз. Нима бўлганда ҳам, шу саволни ўқиб, хаёлингиздан ўтган фикрларни эслаб қолинг – биз уларга ҳали яна қайтамиз.

Бизнинг дунё – қарама-қаршиликлар дунёси. Унда ҳамма нарсанинг акси – зидди бор. Ёруғликка қарши зулмат, иссиққа қарши совуқ, меҳрга қарши қахр. Табиат ҳам мукаммал зиддиятлардан ташкил топган – борлиқни ташкил қилган зарраларда ҳам қанча манфий қувват бўлса, унга қарши шунча мусбат қувват бор. Баъзи олимлар бугун ҳатто модданинг ҳам зидди – антимодда (антиматерия) мавжудлигини таъкидлашмоқда.