Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон - страница 6

Шрифт
Интервал


Биз бу бир-бирига зид кескинликларни бир-бири билан таққослаб ўрганамиз. Оқ нима эканини фақатгина уни қорага солиштириб айтишимиз мумкин. Ақлимиз ҳамма нарсани таққослаб, ҳамма нарсага номлар, сифатлар бериб чиққан. Биз дунёни ана шу сифатлар асосида кўриб, қадрлаб яшаймиз.

Бу йўлдаги энг катта ютуғимиз – «яхши» ва «ёмон» сифатларини ўйлаб топганимиз бўлган. Бу икки сўзнинг асл қудратини биз ҳар доим ҳам билавермаймиз – аммо бу икки сўз бизнинг ҳаётимизга жуда кучли таъсир қилади.

Биргина «яхши» ёки «ёмон» сифатига эргашиб, биз қарорлар қабул қиламиз. «Яхши» ёрлиғи илинган одамлар, буюмлар ва ғояларга эргашамиз – «ёмон»ларини ўзимиздан нари тутишга уринамиз. «Яхши» деб билган ишларимизни қиламиз, «ёмон»ларидан тийинамиз. Буларнинг барини биз ўзимиз «яхши» бўлиш учун – ўзимизга «яхши» бўлиши учун қиламиз.

Нима деб ўйлайсиз: қўлингиздаги китоб яхшими? У сизни яхши инсон бўлишга чорлаяптими? Яхшилик қилишга ундаяптими? Уни ўқиб, ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми?

Бу саволлар ичида чалкашиб қолмай туриб, сизга аввал айтган гапни эслатай: яхши ва ёмон тушунчалари – одамзотнинг бахтли бўлишига қаршилик қиладиган энг катта ёлғондир. Ҳа – дунёда яхши ва ёмон одамлар, нарсалар ва ҳодисалар йўқ.

Тарбия билан онгингизга сингдирилган қоидалар ҳозир талвасага тушган бўлса керак. Лекин бунга ишониш қанчалик қийин бўлмасин – яхшилик ва ёмонлик бор-йўғи нисбий ҳақиқатлар. Уларни одамзот ўз-ўзини бахтдан айириш учун билмасдан ўйлаб топган.

Яхшилик ва ёмонлик – ижтимоий тушунчалар. Табиатда бундай тушунчалар мавжуд эмас. Табиат бундай сунъий тушунчаларни тан олмайди, уларга қараб яшамайди. Қўрқоқ ва оқкўнгил қуёнлар-у, кучли ва ёвуз бўрилар фақат эртакларда бўлади. Табиатда эса қуёнлар ҳам, бўрилар ҳам бир хил ўринга эга.

Айтайлик, шоқол кийиклар тўдасидан айнан нимжон кийик боласини танлаб, ҳужум қилди ва ўлжасига эришди. Хўш, шоқол ёмон иш қилдими? Унинг тўдадоши қари ва касалванд, ҳеч нарсага ярамай қолган кийикни ўлдирди. Хўш, буниси-чи?

Иккала шоқол яхши ҳам, ёмон ҳам эмас – улар оддий. Улар яхши иш ҳам, ёмон иш ҳам қилмадилар – улар табиий иш қилди. Иккиси ҳам ортиқча куч сарфламай, ўлжага осон эришиш йўлидан борди. Чунки бугун кучини тежаса, эртага ҳам кучукларини боқишга қуввати етади.

Бу воқеани четдан кузатиб турган одамзот эса дарров «яхши-ёмон» ўйинини бошлаб юборади. У дарров ожиз кийикчага ҳамла қилган шоқолни қоралашга тушади. Боласини қаровсиз қолдирган она кийикни ҳам айблаб қўяди орада.