Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон - страница 7

Шрифт
Интервал


Яхши ва ёмон сифатлари бизга аслида бизники бўлмаган «қозилик» ҳуқуқига даъво қилишга асос бўлади. Биз нафақат табиатдаги жараёнларни – балки бир-биримизни ҳам ана шу элакдан ўтказамиз. Бировни яхши, бировни ёмон, бир ишни яхши, бошқасини ёмон дейишдан олдин чуқурроқ ўйлаб кўрмаймиз.

Биз ҳатто ўз танамизни яхши ва ёмон нимталарга ажратамиз. Ўнг қўл – яхши, чап қўл – ёмон. Ўнг қўл билан қилинган иш – яхшилик, чап қўл билан қилингани – қинғир. Бундай яхши-ёмон ёрлиқлари мақол ва удумларимизгача сингиб кетган. Фарзандларимизни ёшликдан ўнг қўлда овқатланишга, ёзишга, чизишга ўргатамиз.

Аммо соф табиий жиҳатдан бу жуда зарарли. Одам танасининг ўнг ярмини миянинг чап ярми бошқаради. Миянинг чап ярми эса мантиқий ва танқидий фирклашга жавобгар. Танамизнинг ўнг ярмига кўпроқ эътибор бериб, уни кўпроқ машқ қилдирсак – миямизнинг ҳам фақат чап ярми ривожланади. Яни, болангизга «яхши» бўлган ўнг томонни кўпроқ тарбиялашни айтиб, сиз унинг фақат бир ёқлама ривожланишига туртки берасиз.

Миянинг ўнг ярми – мавҳум фикрлаш ва ижодий фаолиятга жавобгар. Мона Лиза ва Шашмақомларни буюк даҳоларнинг айнан ўнг мия қисми яратган. Инсоният барпо қилган барча гўзал нарсалар – мия ўнг ярми маҳсулоти.

Кўпчилик иқтидорли одамларнинг чапақай бўлгани бизга маълум. Аммо бунда улар иқтидорли бўлганлари учун чапақай бўлиб қолмаганлар – аксинча, улар болаликдан чап қўлларини ҳам тарбия қилганлари учун, уларнинг ўнг мияси яхши ривожланиб, улар истеъдодли бўлиб етишишган.

Шундай экан, фарзандингиз чап қўлда қошиқ ёки қалам тутса – уни койишга шошилманг. Ким билсин – у келажакда буюк ижодкор бўлиб, инсониятга завқ берувчи асарлар яратар. Санъат йўлидан бормаган тақдирда ҳам, у тўлақонли камол топган – миясининг икки ярмини ҳам тенг ривожлантирган кучли шахс бўлиб етишади.

Бола миясининг икки ярми мутаносиб ўсиши учун, унинг танасини ҳам чап, ҳам ўнг томондан тарбиялаш лозим. Мисол учун, унга чап қўлда сурат солиб, ўнг қўлда ёзишни ўргатиш мумкин. Қошиқни ҳар икки қўлда тутишни ўргатса ҳам бўлади – ишонинг, чапақай бўлса «ёмон» бўлмайди.

Кимдир боласига ёмон болалардан нарироқ юришни тайинлаганини эшитсам – ҳайрон бўламан. Ёмон бола қанақа бўларкин? Наҳотки, боланинг ҳам ёмони бўлса? Балки, улар бу билан ёмон тарбияли болани назарда тутар? Унда «ёмон тарбия» қанақа бўлади? Ким боласига «ёмон бола бўлгин, қулоқсиз, одобсиз, қайсар бўлгин» деб тарбия беради ахир?