Давлат организми алоҳида шахслар – ҳужайралардан ташкил топган. Ҳар бир ҳужайра ўз ҳаётини таъминлаш билан биргаликда, умумий организм фаолиятига ўз ҳиссасини қўшишни уддалайди. Давлат организмида уни ташқи хавфлардан ҳимоя қиладиган, касалланган ҳужайраларни даволайдиган, бошқа давлатлар билан мулоқот қиладиган, озиқ-овқатни вужуднинг барча қисмларига етказадиган, жисмоний ёки ақлий меҳнат билан шуғулланадиган миллионлаб ҳужайралар бор. Ҳар бир шахс бу организмда ўз қобилияти ва табиий мойиллигига қараб тегишли вазифани бажаради. Агар алоҳида шахс бошқа шахс ёки бутун давлат организми фаолиятига зарар келтирадиган хатти-ҳаракат қилса, бу шахсни тартибга чақирадиган – кескин ҳолда уни жамиятдан узоқлаштирадиган ҳужайралар ҳам бор. Хуллас, давлат – бу ўзини ўзи таъминлай оладиган мукаммалликка яқин борган бир организм.
Албатта, юқоридаги мисолга мос келадиган давлатни топиш қийин. Аммо узоқни кўзлаган давлат ана шундай тузилмани ўзига асос қилиши ва давлатни механизмлаштиришдан нари туриши даркор. Тарихда механизм тамойили асосида қурилган давлатлар охир оқибат кичик ва оддий сабабларга кўра таназзулга юз тутганлар.
Давлатнинг тирик организмга ўхшашлиги ҳақидаги қарашдан яна бир хулоса келиб чиқади: давлат – статик (турғун) тузилма эмас, у доим ўзгариб, янгиланиб, ислоҳ бўлиб боради. Жамиятнинг талабларига кўра янги кўникмалар орттиради, ўзини оқламаган тартибларни бекор қилади ёки янгиларига алиштиради. Ўз-ўзини тинимсиз ислоҳ қилиш – соғлом давлатнинг хислатидир.
Давлат организми алоҳида ҳужайралардан ташкил топган. Яъни, ҳар қандай давлат жамиятни ташкил қилган алоҳида шахслар йиғиндисидир. Шахс ва давлат ўртасидаги муносабатларда шахс бирламчи ўринни эгаллайди. Чунки шахс бўлмаса – давлат ҳам, унга зарурат ҳам мавжуд бўлмайди. Давлат билан олди-бердиларингиз ҳақида ўйлаганда мана шу тамойил ёдингизда бўлсин.
Давлатимиз қанчалик кучли бўлиши, бизнинг манфаатларимизга қанчалик хизмат қилиши ҳар биримизнинг шахсий кучимизга боғлиқ. Биз умумий организмни ташкил қилган ҳужайралармиз. Бу тузилмада ҳар биримизнинг ҳаётий ўрнимиз, ўз вазифамиз бор. Ҳаммамизнинг кичик-кичик ҳиссаларимиз бир бўлиб, давлат ва жамият ҳаётини таъминлайдиган буюк куч юзага келади.
Давлатнинг кучи қуроллари, армияси ёки бойликларида эмас. Ҳар қандай ҳарбий кучни бошқа ҳарбий куч енгиши мумкин. Ҳар қандай кучли иқтисодни битта инқироз синдириши мумкин. Давлатнинг кучи – уни ташкил қилган шахсларнинг кучига боғлиқ. Кучли шахслардан ташкил топган давлатгина чиндан кучлидир.