Англаб турганингиздек, миллий ғурур устига қурилган давлат бошқа халқлар билан доимий душманликка, ўзларидан бошқа ҳаммани ғаним деб яшашга маҳкум. Бундай жамиятни ташкил қилган шахсларда миллий муҳимлик жуда юқори бўлади ва бу уларга ўзлари ва бошқалар билан келишиб яшашга халал беради.
Учинчи тур бошқарув эркинлик ёрдамида амалга оширилади. Бу бошқарув усуллари ичида энг ёши ва жуда ақлли ташкил қилинган усулдир. Бунда ҳукумат халқни эркин ташлаб қўйиб бошқаради – шахс ўзини эркин ҳис қилиши учун етарли шароит яратилади ва шу билан шахснинг сергаклиги ўлдирилади. Бундай жамият вакили ўзининг бошқарув остида эканини кўп ҳолларда сезмайди.
Қўшма Штатлар ўз тарихи бошида мана шу усулда барпо қилинган. Америкага кўчиб бориб ўрнашган одамлар асосан Европада қўним топа билмаган, эски дунёдаги бошқарув тизимидан норози тижоратчи ва тадбиркорлар бўлган. Улар янги қитъада кучли асос қуриб олгандан кейин, Европа тазйиғидан батамом мустақил бўлиш истаги билан чиққанлар ва эркинликка асосланган жамият тузишга киришганлар. АҚШ ҳукумати эркинлик воситасида бошқариш усулидан ҳозиргача кенг фойдаланади: оддий америкаликларни «шахсий эркинлик» ёки «шахсий ҳуқуқлар» каби жумлалар ёрдамида деярли ҳар қандай мафкурани қабул қилишга кўндириш мумкин.
Албатта, кўп давлатлар бир нечта бошқарув усулларини уйғунликда ишлатадилар. АҚШ ҳукумати ҳам эркинлик билан бошқаришни миллий ғурур билан кучайтиради. Фашист Германияси сунъий миллий ғурурга асосланган бошқарувни қўрқув билан мустаҳкамлаган. Бугун шундай ёндашув Россия ҳукумати томонидан ишлатилмоқда. Француз давлати эса бошқарувда миллий ғурурни шахсий эркинлик билан бир қаторда ишлатишга уринади.
Бу усулларнинг ҳар бири алоҳида шахслардаги ожизликдан фойдаланиб, уларни назоратда сақлашга қаратилган. Аммо қўрқув, ғурур ёки ҳақпарастлик кучли шахс белгилари эмас. Кучли шахс иродасини қўрқув ёрдамида синдириб бўлмайди, у миллий ёки диний муҳимликка берилмайди, у шахсий эркинлик нисбий бўлишини яхши билади. Яъни, кучли шахслардан ташкил топган жамиятни бошқаришда юқорида таърифланган уч усулдан ҳеч бири самара бермайди.
Шахс ва давлат ўртасидаги муносабатлар барқарор ва соғлом бўлиши учун, улар қўрқувга, бурч ҳисига ёки кўр-кўрона миннатдорлик ҳисига асосланмаслиги керак. Ўз давлатидан қўрққан шахс самарали иш-фаолият олиб борадиган фуқаро бўла олмайди. Давлати ва миллати олдида ўзини бурчли билган шахс ҳам шу бурч юкидан имкон қадар халос бўлишга интилиб яшайди. Давлатига сергакликсиз миннатдор бўлиб яшаган шахс эса юзаки эркинлигининг этагидан тутиб, давлатнинг нотўғри қарорларига ҳам рози бўладиган хавфли фуқарога айланади.