Шахс ва давлат ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланиши лозим. Ўз халқи ишончини йўқотган давлат асосий қудратидан айрилади. Ўз давлати ҳурматини йўқотган шахс давлатни ва бошқа одамларни ўзига душман деб билади. Хўш, қандай қилиб давлат билан ишончли муносабат ўрнатиш мумкин?
Аввало, давлатни биздан алоҳида, бизга бегона бир тузилма деб қабул қилишни тўхтатиш керак. Давлат – бу биз билан бир жамиятда яшаб келаётган бошқа одамлар. Ана шу одамларга ишонч ва ҳурмат билан ёндашишни, улар билан муҳимликка берилмай мулоқотда бўлишни уддалай олсак – давлат билан олди-бердимиз ҳам маромида бўлади. Унутмангки, давлат – бу барчамизнинг умумий истак ва интилишларимиз. Бир-биримизга танлов бериб яшасак – давлат ҳам мустаҳкам ва барҳаёт бўлади.
Энг самарали бошқарув усули – бу одамларга танлаш эркинлигини беришдир. Ҳаётда қайси касб эгаси бўлишни, одамларга қандай наф келтиришни, қандай эътиқодга эргашишни, қайси маълумотга ишониш-ишонмасликни шахслар ўзи танласин. Шунда ҳар ким энг самарали усулда жамиятга фойда келтирадиган бахтли ҳаёт тарзини танлайди.
Албатта, бу усул таърифлангандай ишлаши учун, жамият кучли шахслардан ташкил топган бўлиши зарур. Бунга эса тўғри тарбия ва таълим орқалигина эришиш мумкин. Ҳар қандай кучли жамият пойдевори оиладаги тарбия ва мактабдаги таълимдан бошланади. Фарзандларимизга кучли шахс бўлишга, жамият ҳаёти ва давлат тузилмасида ўз ўрнини топишга, бошқаларга ҳурмат нима экани англай билишга ёрдам берсак – давлат организмини янада кучайтирадиган ҳужайраларни етиштирган бўламиз.
Ўзаро ишонч ва ҳурматдан бошқа қадриятга асосланган шахс-давлат муносабатларида икки томондан бири ёки иккиси мудом азият чекишга маҳкум. Шахснинг азияти – унинг бахтсизлиги бўлса, давлатнинг мағлубияти – унинг ожизлашишидир. Бунда на шахс ютади, на давлат.
Нима деб ўйлайсиз: организм қачон соғлом бўлади? Бу саволга турлича жавоб берса бўлади, шундай эмасми? Лекин умумий тарзда тахминан қуйидагича жавоб бериш мумкин: организм уни ташкил қилган барча ҳужайралар соғлом бўлсагина соғлом бўлади.
Демак, соғлом жамият маънавий соғлом шахслардан ташкил топиши керак. Хўш, жамиятни ташкил қилган ҳужайралар соғломлигини нима белгилайди? Улар бахтли ва ўз ҳаётидан мамнун бўлса – мана шу соғлом шахслардир. Одам ўз ҳаётидан мамнун бўлса, унда бузғунчи ишлар қилишга интилиш пайдо бўлмайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг: ҳаётидан мамнун одамга пора бериш, кимгадир ғайирлик қилиш, бир нималарни талашиш керакми? Албатта йўқ. Демак, жамият қонунларига амал қиладиган одамлар одатда бахтли одамлардир.