Алламжонов айбдор - страница 5

Шрифт
Интервал


Мониторинг марказига шу пайтгача амалда ҳамма ишни юритган Дилноза Зиёмуҳамедова5 директор бўлди. Ҳозир у Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари. Фаҳм-фаросатли, ҳаракатчан оддий ходимларни директор ўринбосарлари лавозимигача кўтардим. Муддат қўйдим, йўл-йўриқ кўрсатиб, ҳаммани ишга солиб юбордим.

Энди энг улкан ва бўйсунмас кит – «Ўзбекистон» нашриёти қолди. Ўша, директори «гапирсам, эрталабгача ўтирамиз», – деган нашриёт. Ростдан ҳам янги вазирга айтадиган гаплари кўп экан – типографиядаги қўшиб ёзишлар, талон-тарож, мулкни ўзлаштириш ҳолатларининг тарихи жуда узун, Иттифоқ даврига бориб тақаларкан. Ҳукуматнинг барча доиралари билан алоқалари зўр йўлга қўйилган. Ҳатто қўшни давлатлар миқёсида ҳам. Ўз-ўзидан маълумки, ҳамма ҳужжатлари жойида. «Ўзбекистон» республикага вагонлаб қоғоз олиб кирадиган нашриёт эди. Айрим фактларни таҳлил қилган ҳолда, катта эҳтимол билан давлат курсида олинган қоғоз мамлакат ичида бозор нархида сотилганини тахмин қилиш мумкин. Ўртада жуда катта пул айланарди. Шунинг учун нашриёт директори мени раҳбар сифатида тан олмади, топшириқларимни бажаришни хаёлига ҳам келтирмади. «Серый кардинал» Маҳмуджон Зайтаев6 бўлиб чиқди. Лавозимида эллик йилдан бери ўтирган мансабпараст, амалдор бу отахон ҳеч нимадан тап тортмасди.

Типография доим давлатдан катта буюртмалар олиб, дарслик, кундалик ва дафтарлар чоп этса ҳам, давлатга фойда келтирмас, аксинча, зарарга ишларди. Аслида даромад кимларнингдир чўнтагига тушар, тизимда меҳнат қилаётган 650 нафарга яқин ишчи эса арзимаган маошини ҳам вақтида ололмасди.

Уларнинг даромад топиш йўлларини ўрганиб, «Қойил!» деб юбордим. Қоғоз салфетка-сочиқчалар ва ҳожатхона қоғози ишлаб чиқарувчиларга ўрам-ўрам чиқиндини ҳам пуллашар экан, шоввозлар! Табиийки, ундан ҳам «откат» – улуш олишган. Хуллас, ҳамма нарсадан пул қилинган. Алмисоқдан қолган нашриёт ускуналари эса тез-тез ишдан чиқар, уларни янгилаш ва замонавий техникани ишга тушириш зарур эди. Лекин эҳтиёт қисмлардан ҳам «откат» олмаса бўлмайди.

Менинг ҳисоб-китобимга кўра, кимларнингдир чўнтагига ҳар йили миллионлаб доллар тушган. Мамлакатдаги энг йирик нашриёт эса талон-тарож қилинган, вайрон бўлган. Лекин бу менинг шахсий кузатув ва хулосаларим. Мен тергов олиб борадиган, кимгадир айблов қўйиб, далил қидирадиган прокуратура эмасман. Аммо ўз фикримни айтишга ҳаққим бор, буни менга ҳеч ким тақиқлай олмайди.