Ҳайвонлар ва қушларга беомон қирғин келтирган юҳо овчи шу тариқа қисмат ажрини олди…
Суҳбатдош М. Шохонов афсонага муносабат билдириб, шундай талқин этади: «Хўжаёш тўғрисидаги афсона – бу инсоний азоб-уқубатларнинг юксак намунаси…»
Шу ўринда даҳо адиб ижодига бир қур назар ташласак, кони фойдадир.
Чингиз Айтматов асарларида қушлар, жониворлар ва ҳайвонлар ҳам кўз ўнгимизда адабий персонажлар сифатида бўй кўрсатади. Ҳолбуки, «Асрга татигулик кун» романидаги Эдигей Бўрон тимсолини туя Қоранор Бўронсиз, «Алвидо, Гулсари» қиссасидаги Танабой образини саман йўрға Гулсарисиз, «Қиёмат» асаридаги Бўстон Ўркунчиев сиймосини вафодор от Дўнкўликсиз айро ҳолда тасаввур эта олмаймиз. Шунингдек, «Асрга татигулик кун» романида келтирилган ривоят ва афсоналардаги машҳур оқин Раймали оға кўз олдимизда мудом қадди-қомати кўркам, улуғвор от Сарала устида дўмбира чертиб, Бегимойга қарата қўшиқ куйлаётган алпозда намоён бўлади; буюк жабрдийда Найман она ёвуз жунгжанглар томонидан манқурт этилган ўғли Жўломонни излаб, ҳайҳотдай Сариўзак даштларида учқур туяси Оқмоя устида елиб бораётган ҳолда тасаввуримизда гавдаланади. «Тўрт Томон Дунё Ҳукмдори» орзусида ёнаётган ҳоқон Чингизхон оқ ёлли, думи қора, суюкли тўриқ оти Хуба устида мингашиб, ўз ҳолига шукуҳли ўйлар сураётган кўйда хаёлимизда гавдаланса, юзбоши Эрдене садоқатли ва айрилмас оқ қашқа оти Оқюлдуз устида шафқатсиз ҳоқоннинг қаҳрига йўлиққан шўрлик аёли Дўғулангни муқаррар қатлдан қай илож қутқариб қолмоқ умидида махзун хаёлга толганча изтироб оловида қовурилаётган ҳолатда намоён бўлади.
Чунончи, оламшумул «Қиёмат» романининг теран фалсафий моҳиятини, пафоси ва сюжет чизиқларини драматик ва фожеий воқеа-ҳодисалар талотўпида юксак маҳорат билан тасвир этилган бўрилар – «тирикликнинг буюк онаси» Акбара ва Тошчайнарсиз асло тасаввур этиб бўлмайди. Инчунин, Айтматов бўрилар ҳақида шундай ёзади: «Акбара ва Тошчайнар тўғрисида ёзишдан аввал бўриларнинг табиатини, юриш-туришини, ҳаётини ўргандим. Кўплаб ҳар-хил китобларни ўқиб чиқдим. Умуман, бўриларнинг ҳаёти қатъий интизомга бўйсундирилган. Қизиқ ҳаёт кечирадилар…»
Ҳа, учқур таҳайюл соҳиби Айтматов ўз асарларида жонивору ҳайвонлар тимсолини ҳам самимий туйғу, меҳр-муҳаббат ва қалб ҳарорати билан тасвир этади. Бинобарин, қушлар ва ҳайвонлар ҳам инсон қатори табиатнинг, тирикликнинг ажралмас қисми, ҳаёт воқеликлари иштирокчисидир.