Дарҳақиқат, гуллар осудаликни, тинч-осойишта ҳаётни истар экан. Гулларда ҳам эшитиш, фикрлаш, сезиш ва ҳис этиш хусусияти мавжуд. Гулларнинг кайфияти, барқ уриб ривожланиш хусусияти инсон кайфиятига уйғунлигини табобат илми тасдиқлайди. Яъни, хонаки гул ва ўсимликлар таркибида ҳаводаги микроорганизмларни ўлдирувчи учадиган фитонцидлар мавжуд. Ёки айтайлик, плюмерия ва лаванда гуллари ўзидан ёқимли ҳид таратиб, хона ҳавосини тозалайди. Айрим гулларнинг барглари ўзидан муаттар бўй таратиб, инсон руҳиятига аъло кайфият бағишлайди. Агар болгариялик дунёга машҳур ноёб қобилият соҳибаси, кўзи ожиз башоратгўй аёл Вангелия Пандева-Гуштерованинг ҳаёти саҳифаларига назар ташласак, талай диққатга молик қизиқарли маълумотларга дуч келамиз.
Ванга, аввало, ўтмишни, ҳозирги кун ва келажакни кўра олувчи фавқулодда феномен эди. У ҳатто марҳумлар ва ўзга сайёраликлар билан мулоқотда бўлганлиги тасдиқланади. Жумладан, Ванга ҳам Анаксагор каби табиатдаги барча гиёҳларнинг жони бор деб ҳисоблаган, гуллар ва дарахтлар билан суҳбатлаша олган. Ўтлардан турли дорилар ўйлаб топиб, беморларни даволаган. Шифокор Ванга таъкидлайдики, одам табиат билан уйғунликда яшашни ўрганиши керак, шундагина у соғлом, руҳи тетик бўлади. Ҳайратланарли жойи шундаки, кароматгўй аёлнинг иқрор бўлишича, қайси доривор гиёҳ инсон танасидаги қай бир дардга даво эканлигини муолажа чоғида ўзи айтиб тураркан. Бу – чинакам мўъжиза!
Дарвоқе, башоратгўй Ванга ўз ҳузурига ташриф буюрувчилар билан суҳбат чоғида: «Дунё ўтлардан бошланган ҳамда ўтлар билан тугайди. Одамлар ерда қолдирган ҳамма нарса ўт бўлиб кўкаради, ҳар бир мамлакат ўти фақат ўша мамлакат одамлари учунгина шифобахшдир», – деб кўп бора таъкидлаган экан…
Ҳа, аччиқ ҳақиқатки, инсон гоҳида бошқа жониворларга хос бўлган ҳис-туйғуларни қадр қилмай, қабоҳатга юз тутмоқда. Суҳбатдошлар сўзлаб берган ёввойи буғуларнинг ўзига хос ҳаёти, яшаш қонун-қоидалари, оққуш муҳаббати, китнинг ғазаби, дарғазаб айиқлар ҳамласи ҳақидаги ҳикоялари ниҳоятда таъсирли бўлиб, инсонни табиатга, ҳайвонлар ва ўсимликларга меҳр-шафқатли бўлишга, уларни ногаҳоний хуружлардан ҳифз-ҳимоя қилишга даъват этади.
Чиндан ҳам, фан-техника тараққиётини жадал суръатлар билан ривожлантираётган инсон ўзига маҳлиё бўлиб, табиатга зўравон нигоҳи билан қарашга ўрганиб қолмаяптими? Табиатнинг асл ҳолатига кулфат-мусибат ёғдириб, бағритошлик қилмаяптими?..