Дарҳақиқат, афсона замирида теран ва аччиқ ҳақиқат мавжуд. У қалбимизда ҳайвонот оламига меҳр-муҳаббат, шафқат-хайрихоҳлик туйғуларини тарбиялайди. Бинобарин, ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳам ўзига яраша тирик унсур, уларнинг ҳам ички дунёси, ҳис-туйғулари бор. Улар ҳам тинч, осуда ҳаёт кечиришга ҳақли…
Айтматов ва Шохонов мавзу доирасида ҳайвонлар ва ўсимликлар оламининг ўзига хос яшаш қонуниятлари, урф-одатлари тўғрисида қизғин фикр юритадилар. Чунончи, Шохоновнинг биолог олимлар ультратовуш аппаратлари ёрдамида ўсимликлар япроқларида ўтказган тажриба, Айтматовнинг чиннигуллар устидан ўтказилган тажриба хусусида ўзаро сўзлаб берган ҳикоялари ўқувчини беихтиёр чуқур мушоҳада қилишга чорлайди. Ваҳоланки, Шохонов куйиниб афсусланганидек, табиат мўъжизаларга бой, ҳатто оддий япроқ ҳам ҳис-туйғулардан бегона эмас. Инсон эса, мендан кейин дунёни сув босмайдими, қабилида гумроҳлик қилиб, бутун бошли ўрмонларни кесиб-йўқотиб, лоқайдлик ботқоғига ботмоқда. Бу, табиийки, биосферага ўзининг салбий таъсирини ўтказмасдан қўймайди. Бу зайл эҳтиёждан ташқари исрофгарчилик учун келажак авлодлар олдида юзи шувут бўлиб қолишидан заррача айбдорлик ҳисси туяётгани йўқ.

Ўрта Осиё халқларининг энг қадимий ёзма ёдгорлиги – буюк «Авесто”да эзгулик тимсоли Ҳурмуз (Ахурамазда) Одамни муҳтарам ва мукаррам зот қилиб яратди; қадр-қимматини улуғлаб, шарафларга буркади. «Авесто» битикларида баён этилишича, моддий олам олти босқичда яратилди. Олам яралишининг тўртинчи асоси «Айосрим”да Ахурамазда тўрт муқаддас унсур – тупроқ, сув, ҳаво, оловни улуғлаш мақсадида ўсимликлар дунёсини яратди. Доривор гиёҳлар муқаддаслаштирилди. Бешинчи асос – «Мидйорим”да эса ҳайвонот дунёси яратилди. Моҳият шундаки, ўсимликлар дунёси мукаррам зот Инсон учун озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари; ҳайвонот дунёси мўл-кўл, фаровон турмушнинг зарур омили сифатида яратилди. Демак, табиат инъомлари, ер ости ва ер усти бойликлари – инсон учун яратилди…

Она табиатни ҳаёт кўрки бўлган турфа ўсимликларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўсимликлар ер юзидаги жамийки тирик мавжудот учун ҳаёт манбаидир. Энг муҳими, ўсимликлар ҳаво таркибидаги кислородни бойитади. Ана шу кислород билан тирик организмлар нафас олади. Ҳаётимизда ўсимликларнинг ўрни бениҳоя катта. Ўсимлик ва ҳайвонлар организми ҳужайралардан тузилган, демакки, ҳужайраларда тирикликка хос хусусиятлар мужассамдир. Шу ҳақда мулоҳаза юритарканман, савқи-табиий ҳислар билан қадимги юнон файласуфи Анаксагор битиклари ёдимга тушади: «Ўсимликлар тирик мавжудотлардир. Улар ҳам ҳис қиладилар, ғам чекадилар, қувонадилар. Бу туйғулар уларнинг япроқларида зоҳир бўлади. Шунингдек, ўсимликлар ақл ва билимга ҳам эгадирлар.»