Ҳақиқатан, илму техника тараққиёти жадал суръатлар билан ривожланаётган, башарият янги тамаддун сари крейсер тезлигида олға интилаётган бир даврда табиат билан инсон ўртасидаги азалий муқаддас алоқалар ипи узилгандек, инсоннинг табиатдан ола биладиган эстетик завқ-шавқи, кўнгил баҳраси, ҳиссий қувваси адо бўлаётгандек ёқимсиз таассурот уйғонади. Шундайки, оламшумул фан-техника кашфиётлари қаршисида ўз ақл-заковатига ҳамду санолар ўқиб, сархуш бўлаётган одамзод эндиликда табиат билан, жонивору ҳайвонлар билан аввалгидек тиллашмай-сирлашмай қўйди; она табиатга меҳр-муҳаббат туйғулари, унинг бетакрор гўзаллигини англаш ҳиссиётлари инсон юрагида тамом сўниб битгандек, онг-шууримиз мушоҳада денгизининг теран қатларига сингиб кетади. Ҳозирги ғоятда шиддатли, тезкор даврда дунёда юз бераётган мураккаб воқеа-ҳодисалар олдида айрим тоифа инсонлар саросимага тушиб қолаётгандек; маънаван хаста қалбини аллақандай фобиялар, янаки футуролог Олвин Тоффлер талқин этгандек, «футурошок» – келажак билан тўқнашувдан ларзага тушиш – қутқулари муттасил таъқиб этаётгандек ҳанг-манглик, карахтлик ҳолатлари кузатилмоқда. Қудратли цивилизация инсонни тийнатидаги ҳиссий қувватни табиатдан ажратиб юборди, инсон табиат билан ўзини бир бутун ҳис қилмай қўйди…
Айтматов юз чандон ҳақ: инсоннинг ғайриэкологик хатти-ҳаракатлари башарият олдида жиддий муаммоларни юзага келтирди. Радиоактив нур таъсирида пайдо бўлган мутант-қўзиқорин, радиоактив моддалар таъсирида Бермуд учбурчагида пайдо бўлган ваҳшатли мутант-қисқичбақалар инсоният учун ниҳоятда хавфли бўлган ҳалокатга айланди. Табиатни вайрон қилиш, табиат билан ихтилофда бўлиш – инсониятнинг ўзини ўзи ҳалокатга элтиши демакдир. Ваҳоланки, келажак воқеа-ҳодисалари тўғрисидаги башоратлари дунё афкор оммасини поёнсиз ҳайратга солиб келаётган фарангистонлик улуғ соҳибкаромат Мишель де-Нотрдам Нострадамус (1503—1556) неча асрлар муқаддам шундай башорат қилган: «Инсоният худони унутиб, темир ўйинчоқларга берилиб кетади… Одамлар табиатдан тобора узоқлашадилар, ўз навбатида, табиат ҳам одамлардан даҳшатли ўч олади…»
Ё Раббий, ҳайратдан ёқангизни ушлайсиз! Ҳолбуки, сайёрамизнинг турли минтақаларида содир бўлаётган:
– кўплаб одамларнинг ёстиғини қуритаётган даҳшатли зилзилалар;
– цунами – ҳалокатли сув тошқинлари;