Абадият қонунлари. 1-китоб - страница 4

Шрифт
Интервал


Чақалоқликдин одамий Араббой ака хонадонидаким, анчайин таъбли, чун уйга келмиш меҳмоннинг оёғи ҳидланур эрса, сўраб оёғин ювдурмиш ва сўнг ҳовлидин уйга киритмиш бўлгай, кўп покиза, нозик дидли, саҳоватпеша, меҳмондўст, камтарин, одамийпарвар, мард, очиққўл, ончаларким, келгувчининг усти нобут бўлса, охорли кийим, оёғи нобут бўлса, оёқ кийим кийдира кузатмиш, лек ўзликни оддий тутмиш одамий бўлмиш бўлғай, ўғил фарзанд кўрмамишлик сабаб, фарзандлари бўлмиш икки қизнинг каттаси Ҳурматойдин биринчи фарзанд ўғилким кўрилгач, ота-она раъй-ихтиёрига қарши уч ойлик мурғак невара бобо ихтиёри бирла ул одамийга ўғил фарзандликка олинмиш, ва ул хонадонда доимий эътиборли парвариш бирла дунёни илғамоқ даражасига етилмиш.

Шу аснода эски шаҳарнинг илон изи сифат чўзилмиш Шаҳрихон кўчаси аталмиш қисмида «Сирли мачит» отлиқ мачит ортидагиким тор кўчада, ул кичик-кичик уйли ҳовлилардин бирида болалик даври ўтиб эрди.

Бобо ўз укаси Маъруфбой ака бирла бирга турар отаси Раҳматжондин қолмиш ҳовлидин ўша кўчадаги рўпара ҳовлилардин бирин сотиб олиб, кўчиб чиқмиш бўлгай ва балким ёшлик хумори, эски ҳовлидаги уй олди баланд пиллапояда, уч-тўрт ёшлардурким балки, ўтирмиш ҳолат элас эсланур, ул Маъруфбой катта амакиким, улуғ ватан урушида қатнашмиш эрди, қуймичидин жароҳат олмиш эрди, анчайин оқсоқланур эрди, қўлтиқтаёққа суянмишликда турмиш эрди, сўзга тутур, ҳазиломуз сўзларни айтур эрди…

Кичик ёшли даврдин яна бир ёдда мустаҳкам қолмиши янги ҳовлида қизил тус тождор катта хўроз бўлур эрди, бобога қаттиқлар ўрганмиш эрди, ончаларким онин ортидин, ҳатто, таҳоратхонагача бирга кирур эрди.

Яна бир эсловки, кичиккина ҳовли ўртасида беҳи дарахти бўлур, бобо оёқ оғриғи дарди учун, ҳар дард тутмишда буви томонидин зангтортмас ялтироқ тунука чойнакка асал солиниб, беҳи остига қўйилур ва муддатлар беҳи дарахтида ўрмаламиш чумолилардин бу чойнак ичига анчайин жам бўлгач, чойнакка қайноқ сув қуйилиб, суюқ доруга айлантирилур ва бобо чойнакдаги пиёлага буви қуймиш бу қўлбола ҳапдоруни онинг аччиқлигидин юз буриштира бир-икки хўплар эрди.

Яна бир эслов, норасидалик даври қиш фасли юриб бўлмас катта қор ёғиб эрди, қорларни бобо мардикор солиб куратиб эрди, ул томдин куракдин ирғитилмиш қорлардин завқ ҳамонким ёддадур.

Яна бир эслов, маҳаллада ҳар ҳовлиларга сув уйлар остидин ариқда оқиб кирур, махсус тайёрланмиш тўртбурчак сувалма ер чуқурчаларга тўлур ва ондин нари оқиб қўшни ҳовлига ўтгувчи эрди ва барча ул сувдин чой қайната, овқат пишира фойдаланур эрдилар. Ул сувким, Бобурий таърифин келтирмиш «тўққиз тарнов”дин беш юз йилдин сўнг ҳам келур ва тоза, тиниқ эрур эрди. Бу кунларки, ул маҳаллаларда ул сувлар қолмамиштур, ҳатто изи – ариқлар ҳам.