Гувоҳлик - страница 3

Шрифт
Интервал


– Ўтиринг, – деди терговчи Шариф акага жой кўрсатиб, сўнгра:

– Қани бу “софдил” гувоҳга ўша воқеани гапириб беринг, – деди кинояли оҳангда. Шариф ака менга ўгирилиб:

– Ука, кўп ўйлаб кўрдим. Ёлғон гап ичимга сиғмади. Бу тахлитда ҳаёт кечириш қамоқдан минг марта ёмон экан. Охири ўзим келиб, воқеани тўғри баён қилиб бердим. Сени ҳам ёлғон гапиришга мен ундаганлигимни айтдим. Бусиз иложим йўқ эди, ука.

Эҳ, дўстим! Шундай пайтларда қанчалик оғир бўлишини тушунасанми? Ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсам. Менга нима бўлди ўзи? Ахир иккинчи марта сўраганда, тўғрисини айта қолсам бўлмасмиди? Стулга михлаб қўйгандек, қотиб қолибман. Анчадан кейин:

– Инсонга яхшилик қилмоқчи эдим, – дея олдим, холос.

– Инсонга яхшилик қилиш – бу яхши одат, – таъкидлади терговчи. – Аммо натижаси – ёмонликка олиб борувчи яхшилик ҳақида ўйлашлик – бу разилликдир. Сиз ўзингизга таниш бўлган бир кишини ҳимоя қиламан деб, давлатга, унинг қонунларига, умумхалқ манфаатига қарши ва унинг болалари ҳақида ўйлаб кўрмадингиз. Ёлғон гапирдингиз, шунинг учун халқ суди олдида жавоб берасиз!

Мана, дўстим, қамоқхонадан хат ёзаётганимнинг боисини энди тушунган бўлсанг керак. Сенга шу гапларни ёзиб, бир оз юрагим таскин топди. Ўзимни енгил хис этаяпман. Ҳа, дўстим, энди менинг кўзим очилди. Сен ҳам эҳтиёт бўлгин. Мен каби адашма. Ҳақиқат томонида турсанг, ҳеч қачон адашмайсан.


Маъмуржон ЭРСОЛИЕВ.


МАНЗИЛИНИ ТОПГАН ХАТ

ҳикоя


Насимжон кроватда чалқанча ётганича боягина почтальон бериб кетган Самандаровнинг хатини яна бир марта ўқиб чиқди. Хатда Самандаров Сочига соғ-саломат етиб боргач, ажойиб дам олаётганини ёзиб, “ёнғин” чиқишдан эҳтиёт бўл, унинг олдини олиш учун бор имкониятларни ишга сол, – деб қўшиб қўйибди. Бир ўқишда ҳамма ҳам дарҳол тагига етолмайдиган бу жумлада раиснинг “мен йўқлигимда баъзи қинғир ишларни очишга ҳаракат қилувчилар оёғига болта ур” деган мазмун борлигини у яхши билар эди. Шу сабабли “ёнғин” чиқмаслиги учун қандай эҳтиёт чораси кўриш ҳақида ўйга берилди:

Киройи раис бўлса шундай бўлсада. – деди ўзича у. – Бирортаси унинг амалига кўзини олайтириб кўрсин-чи?! Нақ бели синади. Юқоридан комиссия келса, раис елиб-югуриб ўзини оқлайди. Борди-ю, колхознинг ўзидан “иғвогар” чиқсачи? Унда мен кабиларга “мўйлов” қилсалар бас. Раиснинг тагига сув қўймоқчи бўлганлар устидан “юмалоқ хат” ёзилиб, “юқорига” юборилади.