Ўзлик сари етти қадам – 3. Мақсадларим, шошмай туринг… - страница 2

Шрифт
Интервал


Суҳбатимиз давомида эсингизда бўлсин: мен сиздан янги нарсаларни ўрганишни мақсад қилганман. Сиз билан ҳар сафар китоб орқали суҳбатга киришганда мен шуни ният қиламан. Умид қиламанки, бу галги суҳбатимиз ҳам ўз мақсадига хизмат қилади.

Хўш, ўзлигимиз сари навбатдаги саёҳатни бошладикми?

Бошладик

«Дарё тошқин, сувлар тўлқин

Ўтолмайман, ёр-ёр

Отим ориқ, манзил йироқ

Етилмайман, ёр-ёр…»

(Халқ қўшиғи)

Ҳаёт йўлимизда наинки дарёлар – баъзида денгизлар кўндаланг келади. Биз бу тўсиқларни гоҳида заҳмат чекиб кечиб ўтамиз, гоҳида ортга қайтиб, бошқа йўлдан бориб кўрамиз. Билганлардан сўрасанг – бу оддий ҳоллигини айтади: ҳаёт тинимсиз синовлардан иборатлигини, қийинчиликсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини уқтиради улар.

Хўш, сиз бунга кўнасизми? Умрнинг турган-битгани машаққат эканига, орзуларга эришишнинг нархи ҳар доим қиммат бўлишига – бахтли бўлиш учун қурбонликлар келтириш кераклигига ишонасизми?

Шу пайтгача бошдан ўтказганларингизга қараб, бу рост гаплигига амин бўласиз. Қаердадир қийинчиликка дуч келганингизни-ю, уни енгиб ўтиб мукофотга эришганингизни эслайсиз. Ноилож, ҳаёт – бу адоғи йўқ синовлар оқими, улардан ўтсанг – мукофот оласан, йиқилсанг – жазоланасан деган ишонч ҳар биримизга кириб олган.

Кўпчилигимиз ҳаётда йўл қўяётган баъзи хатоларимизни ана шу ишонч соясида яширамиз. Қилаётган ишимиз хато эканини кўнглимиз сезиб турса ҳам – бу ҳаёт ёки замон талаби эканини баҳона қилиб, нафсимизга эргашамиз. Унча-мунча нарсага кўз юмиб кетамиз.

Ана шу ишончдан келиб чиқиб ўз олдимизга мақсадлар қўямиз. Шундан келиб чиқиб, ҳаётимизни режалаштирамиз. Синовлардан осон ўтиш учун қудрат ахтарамиз. Бу қудратни кимдир бойликдан, кимдир амалдан, кимдир шуҳратдан, яна кимдир билимдан излайди.

Орамизда баъзи одамлар шундай қудратни ўз шахсиятларидан қидирадилар. Улар ҳамма нарсанинг тагида турган кучни – шахсият кучини таниган, унинг овига чиққан одамлар. Улар ўз шахсий кучлари билан тўсиқларни енгиб ўтишмайди – уларнинг шахсий кучи, шунчаки, тўсиқлар ҳосил бўлишига йўл қўймайди.

Улар афсунгар, донишманд ёки кучли психолог эмас. Улар ҳеч ким билмайдиган сирларни билмайди ҳам. Улар, сиз-у биз қатори, оддий одамлар. Аммо уларнинг бошқалардан кескин бир фарқи бор: улар ўзига хос мақсадларни кўзлаб яшайди. Улар омма тан олган ва андозага айлантириб қўйган усулда бахтли бўлиш имконсиз эканини билишади. Улар ўзлари ва бошқаларни тенг қадрлашади.