Ўзлик сари етти қадам – 3. Мақсадларим, шошмай туринг… - страница 4

Шрифт
Интервал


– Майли, ҳафа бўлма, – дебди болакай, – Мен сенга дўст бўлиши учун яна бир одамча чизиб бераман.

Шундай деб, болакай митти одамча ёнига яна бир одамча чизибди. Бола тасаввури унга ҳам жон ато этибди.

– Салом. Мен кимман? – деб сўрабди янги одамча.

– Сен ҳам митти одамчасан, – деб жавоб берибди болакай севиниб, – Ёнингдаги сенинг дўстинг. У ёлғиз бўлмаслиги учун сени чизиб бердим. Иккингиз танишиб дўстлашиб олинглар. Ҳаммамиз яқин дўст бўламиз.

Бола кўз ўнгида икки одамча дўст тутиниб, бир-бири билан сўзлаша бошлабди. Болакай икки одамчани яна-да хурсанд қилиш учун, улар тепасига қуёш, атрофига гуллар, капалаклар чизиб берибди.

– Бу нарсалар нима? – ҳайрон бўлибди одамчалар, – Улар жуда чиройли экан.

– Булар гуллар, – жавоб берибди болакай, – Мен уларни сизлар учун чиздим. Гаплашиб зерикканда, иккингиз улар орасида бекинмачоқ ўйнашингиз мумкин.

– Сен истаган нарсангни чиза оласанми? – ҳайрон бўлишибди одамчалар, – Биз нега чиза олмаймиз?

– Истасангиз, мен сизларга ўргатаман, – дебди болакай, – Бу жуда осон.

– Истаймиз, албатта истаймиз, – севинчдан сакрашибди одамчалар.

Шунда болакай икки одамчага расм чизишни ўргатибди. Одамчалар аввалига ўзларига ўхшаш одамчаларни чизишни ўрганибдилар. Бу янги одамчаларга ҳам болакай тасаввури жон ато этаверибди. Одамчалар ўзлари чизган одамчаларнинг «Мен кимман?» деган саволига ўзлари билганча жавоб беришибди. Аста-секин улар уйчалар чизишга ўтишибди. Бир зумда расм дафтар вароғи митти одамчалар ва уларнинг уйчаларига тўлиб кетибди.

Одамчалар истаган нарсаларини чизиш ва бир-бирлари билан гаплашишга шу қадар берилиб кетибдиларки, болакай ҳақида тамоман унутишибди. Болакай уларнинг ўйинига қўшилишни истаб айтган гаплари тинмай вижир-вижир қилаётган одамчалар шовқинида эшитилмай қолибди.

Вақт ўтиб одамчалар кўп нарсани ўрганишибди. Энди оддий уйчалармас, катта-катта шаҳарлар чизишни билиб олишибди. Баъзи одамчалар нафақат чизишни – чизилган нарсани ўчиришни ҳам ўрганибдилар.

Шу орада одамчалар орасида «Мен кимман?» деган саволга бошқа одамчалар берган жавоб билан қониқмаган, бунга тўлиқроқ ва чуқурроқ изоҳ излайдиган одамчалар пайдо бўлибди. Бундай изланувчан одамчаларнинг баъзилари кўп илмларни кашф қилишибди.

Аммо ҳамма қабул қилган андоза ҳақиқатларни қабул қилишни истамай, олий ҳақиқатни излаган кўплаб илмсевар одамчалар бошқа одамчалар қаҳрига дучор бўлиб, ўчирилиб ташлабдилар.