Бу галги суҳбатни ажойиб эртак билан бошласак. Нима дедингиз?
Бир куни бир болакай зерикканидан акасининг расм дафтарига расм чизиб ўтирган экан. Ҳамма болалар каби у ўз ўйинқароқ машғулотини қоғозга митти одамча расмини чизишдан бошлабди. Бола бари бир болада – мўжизаларга ишонгани туфайли, унинг тасаввурида у чизган одамчага жон кириб, у билан суҳбатга киришибди:
– Салом. Мен кимман? – деб сўрабди одамча.
– Сен митти одамчасан, – жавоб берибди болакай, – Мен сени зерикканимдан чиздим.
– Зерикканингдан? У нима дегани? – тушунмабди одамча.
– Зерикиш – бир ўзинг қолганингда нимадир қилишни қаттиқ хоҳлаш.
– Унда мен ҳам зерикар эканман-да, – хўрсинибди одамча, – Ахир, мен ҳам ёлғизман.
– Нега энди, – дебди болакай, – мен сен билан ҳар доим бирга бўламан. Иккимиз энг яқин ўртоқ бўламиз.
– Ростданми? – хурсанд бўлибди одамча, – Яшасин! Лекин, – яна хомуш тортибди одамча, – мен сени кўра олмасам, фақат овозингни эшитсам, қандай қилиб сен билан ўртоқ бўламан? Демак, мен барибир ёлғиз бўлар эканман…