Ўзлик сари етти қадам – 3. Мақсадларим, шошмай туринг… - страница 5

Шрифт
Интервал


Баъзи одамчалар «Мен кимман?» деган саволларига «мен митти одамчаман» деган жавобни топибдилар. Шунда улар бу эртакнинг бошида турган болакайни эслабдилар. Унга доим дўст бўлиб қолиш ваъдасини берганликлари ёдларига тушибди. Ва улар атрофларидаги шовқин-сурон ичида болакай гапларини эшитишни ўрганибдилар. Улар болакай билан яна дўстлашиб, бирга ўйнай бошлабдилар…

Эртакнинг якунини билмайман. Чунки у ҳали тугалланмаган. У ҳали ҳам давом этмоқда. Митти одамчалар ҳали ҳам ўз билганларича яшашда, болакай билан дўст бўлиш ваъдаларини бузишда давом этишяпти. Билганларнинг айтишича, бир кунмас бир кун одамчаларнинг бу ишидан тоқати тоқ бўлган болакай расм дафтар вароғини йиртиб олиб, ғижимлаб, уни бир четга улоқтириб ташлар эмиш. Яна ким билсин.

Икки ўлчамли одамчалар-ку майли – «Мен кимман?» деган саволга сиз қандай жавоб топдингиз? Топган жавобингиз сизни қанчалик қаноатлантирди? Топган жавобингиз сизга нималарни англаб етишга ёрдам берди?

Икки ўлчамли одамчаларга «ҳой, миттивойлар, сизларнинг оламингиздан ташқари учинчи ўлчам ҳам бор» десангиз, улар буни тушуна олиши, тушунса ҳам – бунга ишониши жуда қийин. Сиз билан бизга уч ўлчамли фазо тушунчаси жуда оддий туюлгани билан, доимий фикрлаши икки ўлчам доирасида бўлган мавжудотларга буни етказа олмайсиз.

Агар мен сизга бизнинг дунёда биз кўра биладиган уч ўлчамдан ташқари тўртинчи ўлчам ҳам бор десам, бунга қандай қарар эдингиз? Оламимизда чексиз кўп ўлчамлар бор десам-чи? Ахир, болакайнинг расм дафтари кўпвароқли бўлиши мумкин.-ку. Буни тасаввурингизга сиғдиришингиз қийин, шундайми? Икки ўлчамли одамчаларга учинчи ўлчам ҳақида гапирилса, улар ана шу тасаввур қила олмаслик ҳолатини бошдан ўтказадилар.

Ўзликни англаб, кучли шахс бўлишнинг энг олий мукофоти – инсон янги кенгликларни кашф қилишидир. Шахсий куч сизга тўртинчи ва ундан кўп ўлчамлар эшигини очиб беради. Интуициянгиз ривожланиб, дунёга вақт ва фазога тобе бўлмаган ҳолда қарашни ўрганасиз.

Жуда ҳаёлпараст гаплардек туюлмаяптими сизга булар? Агар шундай туюлаётган бўлса – демак ақлингиз мантиқ ёрдамида ҳали ҳам сизни назоратда сақлаяпти экан. Ахир, юқоридаги гапларни имконсиз ҳаёллар сирасига қўшган айнан мантиқ.

Мен интуиция (яъни қалб билими) ҳақида бежиз гапирмадим. Мақсадларимизга осон эришишда интуитив билимларнинг аҳамияти катта. Интуиция эса шахсий кучи кўп одамларда кучли бўлади.